Бизга турли иттифоқлар керак

Ушбуни “тўй кортежи” можароси чиқмасдан аввал ёза бошлаган эдим. Сўнгги воқеалардан кейин кампанияга қўшилмаслик нуқтаи назаридан постни эълон қилмаслик керак эди, аммо бошқа нарса ёзишга улгурмадим. Ўқиётганда шу ҳолатни эътиборга олиб қўясизлар деган умиддаман.

Бир пайтлар “Камолот”га тааллуқли журналнинг бош муҳаррири бўлган ва Қаҳрамон Қуронбоев билан бир неча бор шахсан суҳбатлашган одам сифатида вазиятни таҳлил қилишга уриндим.

Бу – мутлақлик ва холислик даъвосидан йироқ блогпост.

Ўтган йили шундай пост қўйган эканман:

Чиндан ҳам, ҳижоб, соқол, поездларда “катайса”, тўй кортежи – бир йилга кўплик қилди. Мадда бойлаб келаётган яра ёрилди: ичидан жуда кўп нарсалар чиқяпти.

Нега иттифоқчиларни кўпчилик ёмон кўради? Ахир ҳаракат қилишяпти, ишлашяпти-ку. Мен аниқлаган сабаблар бир нечта.

1. Етакчилар. Ўтган йили Ёшлар Иттифоқининг матбуот котибини кўрдим: анча ақлли қиз экан, ташкилотда қилинаётган ишларни батафсил ёритди, кўпчиликни ишонтирди, одамларнинг фикрини ўзгартира олди. Орадан бир кун ўтиб эса блогер Санжар Саидга нисбатан қайсидир бир иттифоқчининг тазйиқи можароси чиқди ва матбуот котибининг барча саъй-ҳаракатлари ювилиб кетди. Бундай ҳоллар такрор-такрор рўй бераверди: Иттифоқ ёш ижодкорларни рағбатлантириб, эндигина илиқ таассуротлар уйғота бошлаганда, етакчилардан бири дарсни бузди; жойларга бориб, халқнинг дуосини оляпти деган хабарлар келаётганда – “тўй кортежи” можароси чиқди. Хуллас, замонавий ёшлар ташкилоти имижига нуқул етакчилар ҳол қўявердилар.

Кечаги “Кун.уз”га берилган интервью эса вазиятни янада ўткирлаштирди ва ойдинлаштирди ҳам. Қаҳрамон Қуронбоев шундай имкниятдан фойдалана олмади ва яна ўзига нисбатан салбий “комментлар” кўчкиси остида қолди. Омма конкрет ҳодиса ҳақида конкрет изоҳ кутганди, лекин 15 дақиқа давомида қолип жумлалардан иборат навбатдаги пиар нутқини тинглашга мажбур бўлди.

Аслида “ҳа шу иш нотўғри бўлди, аммо манави сабабларга кўра қилинди” деб хатони тан олиш ва изоҳлаш билан дипломатик усулда вазиятни фойдага буриб юбориш ҳам мумкин эди. Дипломатия ва омма билан ишлашнинг замонавий усуллардан йироқлик етакчига панд берди. “Ҳамма воситалар яхши” принципида кечаётган ҳозирги даҳанаки жанглар ҳам ташкилот имижга асло фойда келтирмаяпти.

Менимча, Қаҳрамон Қуронбоев бирон вилоят ҳокими бўлиши керак. Кўп йиллар раҳбар лавозимларда ишлаган, бошқарув илмини сув қилиб ичиб юборган, буйруқларни тўғри берадиган ва уларни бажармагунларича қўймайдиган қаттиққўл ва тажрибали раҳбарга талаб ҳамиша бор. Фақат... ёшлар нозик масала-да. Уларни қўрқитадиган эмас, бағрига босадиган, тушунтирадиган, ишонтирадиган етакчи (ёшидан қатъи назар) керак.

2. Имтиёзлар. Ёшлар иттифоқига катта пул, яна президентнинг чексиз ишончи кредит қилиб берилди. Бу бизнесини ўзи нолдан бошлаган, ўқишга кира олмай гастарбайтерга айланган, раҳбарининг мантиқсиз буйруқларидан чарчаб ишдан бўшаган ва “суриш керак” деган ўйда юрган бошқа (“уюшмаган”) ёшларда Иттифоққа нисбатан ўз-ўзидан салбий муносабат уйғотди: бир фарзандингизга шоколад бериб, бошқасига берманг-чи, кўрасиз нима бўлишини. Бу ерда вазиятга ечим: шоколад олган бола уни укаси билан бўлишиши керак (Иттифоққа аъзо бўлмаса-да, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ТИЗИМИНИ яратиш, уларни чет элга ўқишга юбориш, ёшлар миграцияси ташкилотини очиш, ногиронларга бир марталик эмас, тизимли кўмак бериш, ёшлар реаблитация марказлари тармоғини яратиш, ёниб кетган 52 ўғлон воқеасига амалий чоралар билан муносабат билдириш ва ҳ.к). Ака эса шоколадни ўзи еб қўйди (тутуриқсиз логотипларга, тарғибот поездларига сарфлаб юборди). Шундай ҳолида унга яна кўп шоколад берилди (ўқишга киришга, уй ва автомобил олишга имтиёзлар). Тўғри, жойларда муҳтожларга бир марталик ёрдамлар берилди, лекин глобал, тизимли лойиҳаларни ишлаб чиқилмади. Балиқ тарқатилди, қармоқ берилмади. Натижада ака-укалар (иттифоққа аъзо бўлган ва бўлмаган ёшлар) ўртасида жарлик пайдо бўла бошлади ва бугунги даражага етиб келди.

3. “Уюшмаган ёшлар” теорияси

Ёшлар уюшмаса, фожиа эмас, ёшлар ўйламаса – фожиа. Аслида, уюшиш фақат экстровертларга хос. Жасур айтгандек, даҳолар, истеъдодлар кўпинча интроверт бўлишади (мияга ёлғизликда яхши фикрлар келади-да). Сершовқин тадбирларда фикрлаш, бирон нарса ўйлаб топиш, янгилик яратиш қийин. Бу билан ёшлар бирлашмасин, жамоа бўлмасин демаймиз, Ёшлар Иттифоқи балки яхши жамоадир ҳам, аммо у ердаги ёшларда индивидуаллик кўринмади.

4. Тадбирлар. Мен илмий анжуманларни яхши кўраман. Тасаввур қилинг, бир жойга бутун дунёдан соҳанинг билимдонлари тўпланишади. Улар шўъбаларда докладларини ўқиб чиққач, кофе-брекларда, танаффусларда ўзаро суҳбатлар қурадилар (гала бўлиб суратга тушиш ўрнига!). Айлана стол атрофида ўтириб у ёқ-бу ёқдан гаплашаётган ёшлардан чиқаётган фикрлар, ғоялар ўзаро тўқнашиб, орадан учқунлар чатнаб янги-янги кашфиётлар, янгиликлар бўлиши аниқ. Ўйнайдиган, сакрайдиган, оташин нутқлар ирод қиладиган ёшлар билан бир қаторда ўйлайдиган, илмий иш ёзадиган, лабораторияларда изланадиган, халқаро конференцияларда иштирок этадиган ёшлар қатлами ҳам бор. Улар ҳам юртнинг бойлиги, ресурси. Ўшаларни уюштириш ҳақида, афсуски, Ёшлар Иттифоқи жуда-жуда кам ишлар қилди, имкониятидан анча кам ишлар қилди. Тадбирлари фақат экстроверт ёшларга мўлжалланди.

5. Янги либос кийдирилган эски идеология. Янгиланган ташкилотга янги ғоя керак эди. Ёшлар Иттифоқи ватанпарварлик, фидойилик каби “Камолот”дан мерос идеологиядан воз кечиб, тараққийпарварлик, илм-фанда илғорлик, инсон қадри каби замонга мос, янги авлод ёшларини яратувчанликка ундайдиган мафкурани яратганида, ёшларнинг янада кенгроқ қатламларини қамраб олган бўларди. Ҳар хил фан лабораториялари ташкил қилиши, истиқболли инновацион лойиҳаларни молиялаштириш, фаннинг турли йўналишлари бўйича дунёда етакчи олимларни олиб келиб тренинглар ўтказиши... Дабдаба билан кезган поездлари харажатига илмий текшириш институтига бирон ноёб ускуна сотиб олиш мумкин эди. Ўз ташаббуси билан фильм олиб, халқаро фестивалда ғолиб бўлган, аммо тақдирлаш маросимига боришга пул топа олмаган ёш киноижодкорларга ҳомийлик қилиш мумкин эди... Хуллас, ташкилот илм-фан, тараққиётни етакчи идеология қилиб олиши лозим эди, чунки ҳозир ватанга тараққиёт керак, ҳозир тараққийпарварлик ватанпарварликка тенг ғоя бўлиб қолган.

Қилинмаган ишлар, ўйланмаган лойиҳалар бугун ташкилотга кўп муаммоларни туғдириб турибди.

Нима қилмоқ керак?

Ташкилотлар кўп бўлиши керак!

Биргина ташкилот бутун мамлакат ёшларини бирлаштириб, уюштириб олиши мумкин эмас. Ёшларни ягона ғоя атрофида бирлаштиришга уриниш – абсурд. Ёшлар манфаатлари кесишган нуқтада бирлашиши мумкин (аниқса, ҳозирги ёшлар), лекин уларни битта ғоя учун бирлаштириш, яъни бир хилда ўйлашга мажбур қилиш – утопия. Ёшлар фикрдошлари, ҳаммаслаклари билан турли ғоялар атрофида бирлашмоғи керак, у ғоялар Конституцияга ва конституцион тузумга зид бўлмаса бўлди. Биз “бирлаштириш”, “уюшиш” сўзларини жуда тор тушунганимиз учун кўп ёшларни бой бериб қўйдик.

Масалан, яқинда якунланган Республика қорилар (Қуръон) мусобақасида мен ёшларнинг алоҳида бир қатламини кўрдим. 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган иштирокчилар – аксари ёшлар. Уларнинг миясида нима, хаёлида не гап? Тасаввур ҳам қилолмайсиз: улар тамомила бошқача ўйлашади, бошқача яшашади. Уларни уюшмаган дея олмайсиз, аммо биз тушунаётган маънода уюшган ҳам эмас. Ёки фейсбукда турли гуруҳлар тузиб, ўзаро интеллектуал дуэллар ўтказаётган ёшларга боқинг. Уларни шу гуруҳларга нима олиб келяпти? Ҳамфикрлик, маърифат, тараққийпарварлик. Афсуски, уларнинг потенциали ижтимоий тармоқлардагина сарфланяпти. Ёшлар Иттифоқи ана шу қатламларни қамраб, уюштириб ололмади. Чунки улар тадбирларда яйрайдиган эмас, зеҳни илмда тобланган ёшлардир. Улар учун алоҳида-алоҳида, ўзларига мос уюшмалар ташкил қилиш керак.

Тасаввур қилинг, Мусулмонлар идораси қошида “Ёш мусулмонлар жамияти”га ўхшаш бир ташкилот очилса... Давлат ҳомийлигида, майли, Диний қўмитанинг қатъий назорати остида бўлсин. Унга ҳам Ёшлар Иттифоқидек имтиёзлар берилса (экстремизмга қарши кураш ҳам арзонга тушмаяпти-ку, барибир). Бу ёқда “Дунёвий билимлар маркази” деган яна бир жамият очилса. Ижтимоий тармоқда баҳслашиб, бир-бирини мутаассиб ёки кофирга чиқариб юрган бу икки қатлам балки бир-бирини тушунармиди, тоқатли бўлармиди, ўзаро яқинлашармиди... Бу уюштириш эмасми?

Форбс рўйхатига кирган ёш миллиардерларни кўринг: аксарининг ёши 30 га етмаган ва энг бой ёш миллиардерлар “Эҳсон қасами”ни ичган – филантропия ҳам идеология – ёш милиардерлар хайрия ғояси атрофида бирлашишган. Бизда ҳам илғор, очиқ фикрли тадбиркор ёшларнинг “Қўқон саховат” сингари хайрия ташаббусларини кўриб одам руҳланиб кетади. Бу уюшиш эмасми?

Худди шундай ёш ўқитувчилар, врачлар, ишсизлар, сиёсатчилар, ҳатто собиқ маҳбуслар жамиятларини тузиш нега мумкин эмас? Балки кейинчалик улардан ҳақиқий, жонли касаба уюшмалари ўсиб чиқар. Нодавлат нотижорат ташкилотларига берилаётган янги имкониятлардан фойдаланиб шундай ёшлар ташкилотларини тузиш вақти етди, менимча.

Бизга фақат жамоавийликни эмас, ўзига хос индивидуалликни ҳам рағбатлантирадиган ташкилотлар керак. Ранг-барангликлар билангина ёшларнинг турли қатламларини қамраб олиш мумкин. Ҳар бир ёшга ўзини синдирмасдан, ўзи ишонган ғояларга хиёнат қилмасдан уюшиш имкониятини бериш ҳақида ўйламасак, номи бору таърифи йўқ “уюшмаган ёшлар” муаммосидан қутула олмаймиз.

Дунёда миллиардерлар, олимлар, сиёсатчилар, лидерлар тобора “ёшариб” бораётган бир даврда биз ёшларга ҳамон тўйини қандай ўтказишни ўргатиб юрибмиз. Сабаби, бу ёшлар ҳаётида фақат шу бир кун – тўй учун яшайди, фақат шу куни ўзининг нақадар аҳамиятли эканини, тирик эканини ҳис қилади. Шу кунини имкон қадар ёрқин қилиш бошқалардан зўрроқ, “крутойроқ” эканини кўрсатиш улар учун умр мазмунига айланади. Бошқа кунлар эса улар бирон оламшумул ғоянинг бўлажак муаллифи, дунёни лол қолдиришни истайдиган улкан амбицияли шахс эмас, шунчаки уюшмаган ёш бўлиб қолаверади. Ёшларга тўйдан кўра аҳамиятлироқ идеологияни беролмас эканмиз, кортежлар йўлини тўсгандан фойда йўқ.

4.68 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.68 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.59 / 37
  • Муштарийлар баҳоси
    4.53 / 82

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Мубашшир Аҳмад 10/06, 21:01

Боракаллоҳ! Ажойиб ва фойдали таҳлил. Биринчи ўринга лойиқ мақола.

4.5 Уйғун Ғафуров 10/06, 22:20

Ўзига хос ёндашув, ўзига хос таклифлар... Қанчалик тўғри ёки нотўғри, лекин фикрий мушоҳада қилинган

5 Адҳам Отажонов 10/06, 22:42

Қойил, ҳақиқий блогернинг ҳақиқий блогпости бўлибди ) раҳмат

5 Бахтиёр Шералиев 11/06, 02:46

Keltirilgan mulohazalar mavzuni to'la ochib berishga xizmat qilgan. Blogpost har tomonlama ayni vaqtida e'lon qilingani uning ahamiyatini yana ham oshirgan. Muallifga tashakkurlar. Omad tilayman!

4.5 Давронбек Тожиалиев 11/06, 12:21

Бу фикрларнинг кўпини аввал ўқигандим. Чиройли услубда жамланибди.

5 Абдумалик Носиров 11/06, 14:12

Рақобат бор жойда ривожланиш бўлади. Ёшларга ягона идеология остида тарғиботни фақат собиқ СССР ўз ёшларига тарғиб қилар эди. Ягона идеология остида хозирги ёшларни бирлаштириш умуман мантиқга тўғри келмайди. Чунки хозирги кун ёшларининг дунёқарашлари хар хилликг асосланган. Ўзбекистон мустақил бўлганига 27 йил вақт бўлди. Жамиятимиздаги ёшларга уларни хақиқатда бошқа идеологиялар остида бирлаштира оладиган бошқа иттифоқлар керак. Масалан Ёш олимлар иттифоқи, Ёш тадбиркорлар иттифоқи, Ёш ишчи ва меҳнаткашлар иттифоқи ва хакозо. Аммо бу иттифоқлар давлат бюджетидан эмас балки ўзини ўзи таъминлайдиган кўнгиллилар иттифоқи аъзолик бадаллари эвазига бўлса мақсадга муофиқ бўлади.

5 Маҳсуджон Асқаров 11/06, 14:52

Долзарб мавзу кутарилган.

5 Олимжон Солижон ўғли 11/06, 15:25

Бу қизимизнинг оригинал фикрлари мени саралаш ва ярим финалда ҳам қойил қолдирганди. Муаллифга тасанно.

5 Беҳзод Қобулов 11/06, 18:10

Мутлақо ҳақсиз! Ҳар-хил қатламларни қабатига оладиган кўплаб жамоат ташкилотлари керак. Ўшанда бу соҳада иш юради.

5 Қаҳрамон Асланов 11/06, 18:22

Деярли охиригача, «янги гаплар йўқ экан» деб ўқиб келдим. Ҳатто сарлавҳага чиқарилган таклиф ҳам бироз баландпарвоз туюлганди. Аммо охири даҳшат. Шу учун ҳам бутун ёзилганлар юқори баҳога арзийди.

5 Ботиржон Шерматов 11/06, 19:05

Ёзиш услуби яхши, имловий хатолар йук, ижтимоий ахамияти жуда катта, ечим ва тахлил мавжуд. Хулосаларда узвийлик бор. Таклифлар уринли. Маколада муаллифнинг уз фикри ва карашлари яккол куриниб турибди. Иттифок аъзоларининг уз мустакил фикрига эга булмаган зомбиларга айланиб колаётганлари, иттифокда маддохлик, компаниябозлик авж олгани хакида хам ёзилса, яхши буларди.

5 Расул Кушербаев 11/06, 23:28
5 Шунқор Чориев 12/06, 08:22
5 Нодир Закиров 12/06, 09:13

Охирги фикрингиз жуда ўринли бўлибди.

4.5 Мансур Тангишов 12/06, 15:15

Айни вақтдаги долзарблиги юқори бўлган масала кўтарилибди. Муаммо ва таклиф яхши берилган. Айрим имловий камчиликлар мавжуд, Фақат қисман статистика ёки фактлардан ҳам фойдаланилса ва таҳлил қилинаётган ташкилотнинг айрим яхши ишлари ҳам эътироф этилса нисбатан объективроқ блогпост бўлар эди. Кўплаб янги ёшлар билан ишлайдиган ташкилотлар бўлиши таклифи кўпчилик томонидан берилган, муаллиф ҳам долзарблигини яхши кўрсатган.

5 Нигора Умарова 12/06, 15:36

Муаллиф ўзи айтганидек, "Бу – мутлақлик ва холислик даъвосидан йироқ блогпост".

5 Саид-Абдулазиз Юсупов 12/06, 22:45
5 Умид Гафуров 12/06, 22:50

Бу блогпост эмас - бу ЕЧИМ! Иттифоқ муаммолари учун тайёр ечим деб қабул қилдим. Ажойиб ёзилган. Қуйида тайёр мавзуга тезлик билан ёзилган блогпост бўлибди дейишди. Блогер шундай вазиятларда тезлик билан ёзиши керак аслида, шунда уни кўпроқ одам ўқийди. Содда ва жуда маъноли ёзилибди.

5 Мақсуд Саломов 12/06, 22:54

Tahlil yaxshi. Fikrlar ham izchil. A'lo bahoga loyiq.

5 Музаффар Назаров 12/06, 23:43

зўр, солиштириш, миосллар ўз ўзринда қўлланилган.Рахмат

5 Тўлқин Юсупов 13/06, 00:16

Blogpostda (ayrim mushtariylarga eslatma, blok, block post emas :)) ayni kunlardagi dolzarb mavzu ko‘tarib chiqilgan. Shahnoza opani doim facebookda kuzatib boraman, har doim har vaziyatga o‘z mulohazalarini berib boradilar, ayniqsa, savodxonlik va o‘zbek tili borasidagi takliflariga juda qo‘shilaman. Shahnoza opa, finalga chiqqaningizdan juda mamnunman. Sizning takliflaringizni kerakli odamlar o‘qib, amalga tatbiq qilishlari uchun ham siz g‘olib bo‘lishga munosibsiz deb o‘ylayman.

5 Шерзод Шерматов 13/06, 00:39
5 Иноят Садикова 13/06, 06:03

Shahnoza opa, qoyil!!! Qisqa, lo'nda va nishonga urilgan! Fikrlaringizni avval o'ylab ko'rmagan va eshitmagan edim. Juda ham o'rinli mulohazalar va takliflar! Rahmat. ps. "visuals"ga ham gap yo'q :)

Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
42 та фикр