Биринчи марта тренерлик қилиб, олган сабоғим ҳақида

Muhrim A’zamxo‘jayev
Ярим финал

Мени сарлавҳа қўйишни биладиган тренер сифатида Ёшлар Иттифоқининг медиа-оромгоҳига таклиф қилишди. Ёши меникидан кичикроқ ва меникидан каттароқ 100 чоғли тенгдошларимга сарлавҳа ва тагсарлавҳа ҳақида ўзимга маълум сир-асрорларни ўргатишим керак эди. Мени тинглашга маҳкум бу ўғил-қизлар бир ойдан сўнг чақириладиган ёшлар қурултойини зўр бериб ёритишга сафарбар қилинган экан.

5-синфни тамомлаган йилим мендан икки ёш катта амакиваччам (акам) билан Чимёндаги «Алгоритм» лагерига борганман. Яхши лагерь эди. Лекин, акамдан узоқлашмаслик баҳонасида катта болалардан иборат 1-отрядга тушганим учун, таътилнинг шу 15 куни менга ёқмаган — катта болалар лагернинг мардикорлари бўларкан. Ўқувчилик йилларимда шундан кейин бошқа лагерга бормадим. Ўша лагер ҳозир Ёшлар Иттифоқининг «Ёшлар оромгоҳи»га айлантирилибди.

Оромгоҳни зўр бериб таъмирлаб ётишибди. 5-синфлигимда саҳнасига римлик аскар бўлиб чиққаним лагернинг очиқ театри бузилиб, ўрнида 2 минг кишилик амфитеатр қад ростлаяпти. Бу йилги ёшлар қурултойи шу ерда бўлармиш. Президентнинг ўзи айтган экан: «Бу йилгисини очиқроқ жойда, табиат қўйнида ташкиллаштиринглар», деб. Қурултойга Президент ҳам келаркан, шунинг учун лагерга олиб борувчи йўлларни эпақага келтириш ҳаракати ҳам бор.

Турли газеталар, сайтларда чиққан мақолаларим минглаб марта ўқилган (нокамтарлигим учун узр). Блогимдаги ҳар бир блогпост 100 мартадан кўпроқ ўқилади. Бундай ўйлаб қараса, мен ҳар сафар билган-билмаган, тушунган-тушунмаган масалаларим ҳақида ҳеч бир истиҳоласиз ақл ўргатаман, фалсафа сўқийман. Турган гапки, фикрларимга кўпчилик қўшилмайди. Афсуски, уларнинг жавоб муносабатларини кўрмайман, эмоцияларини сезмайман. Шунинг учун келаси сафар ҳам бармоқларимни беҳижолат яна клавиатура устида югуртираман.

Лекин 100 кишига юзма-юз чиқиб, уларга қарата бир гапни эплаб гапириш осон эмас (экан). Боз устига, тузукроқ тайёрланмаган бўлсанг. Айниқса, маърузангнинг дастлабки қисмидаёқ уларнинг хафсаласи пир бўлса. Шу дастлабки қисмига ҳам Санжар Саид «Муҳрим Аъзамхўжаев — номер адин унақа, номер адин бунақа» деган таърифлар билан чақиргани учун чидашди-ёв. Зўр гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди. Одам ғалати бўларкан.

Нима ҳам дердим — мен сарлавҳа қўйишни билмайман. «Чемпион» газетасида материалларимни «ҳақиқий бош муҳарриримиз» Хайрулла ака (Ҳамидов)га сарлавҳасиз юборардим. Ҳатто хабарсифат материалларга ҳам сарлавҳа қўя олмасдим. «Барака топгур, сарлавҳа йўқми?», деган жавоб келарди ҳар доим. Шунинг учун қай бир сафар Европа ва Осиё миллий чемпионатлари таққосига бағишланган материалимга «Қиёсмисан қиёс, икки кило пиёз» деган сарлавҳа қўйиб юборганлар. Сарлавҳа қўйишни билмаслигимни кечаги куни ёшларга айтиш хаёлдан кўтарилибди. Маъзур тутгайсиз!

Ёшлар Иттифоқининг бўлажак воизлари мендан роса сўрашди: «Бизда бир-бирига ўхшаш тадбирлар кўп, яна бир вақтнинг ўзида жуда кўп жойда ўтказилади. Ҳаммаси ҳақида ёзиш керак. Муштарийларга қизиқ, хабарни кўп ўқишга мажбур қиладиган сарлавҳани қандай топаман?». Мен ҳам ростини айтдим: «Исталган зерикарли тадбирда ҳеч бўлмаса битта қизиқ деталь бўлади — шуни сарлавҳага чиқарардим». Улар ҳам ростини айтишди — бир киши ҳамма тадбирда қатнаша олмайди, шу боис, одатда, тадбир ҳақидаги умумий гаплардан иборат ахборотни ўша ердаги масъул ёшлар етакчиси етказади. «Билмасам», дедим. Уларнинг хафсаласи мана шу жойида пир бўлди, шекилли.

Шундан сўнг бир фурсат ўзимни мақтадим. Аммо қаршимдаги уюшган ёшларнинг энг фаоллари мени яна бояги масалага қайтаришди: «Ҳеч бўлмаса, ҳозирнинг ўзида бирор воқеа-ҳодисадан келиб чиқиб сарлавҳалар қандай ёзилишини амалда кўрсатиб беринг!». Тингловчиларимдан менинг семинарим ҳақидаги хаёлий хабар сарлавҳаси учун вариантлар айтишни сўрадим. Бир йигит шундай вариант берди: «Дарё» бош муҳаррири ўринбосари медиа-оромгоҳ қатнашчиларининг саволларига жавоб бера олмади». Ҳамма кулди, қарсаклар чалинди (бу вариант менга ҳам ёқди). Сўнг бу томондан яна бир йигит туриб, бошқачароқ вариант таклиф қилди: «Дарё» бош муҳаррири ўринбосарига медиа-оромгоҳ қатнашчилари савол беришни эплай олмади». Яна қарсак, яна кулги.

Уларга билганимни айтдим, Александр Амзиндан иқтибослар келтирдим, тажрибадан ўтган бир-икки ҳолат ҳақида ҳикоя қилдим. Лекин улар менга ишонишмади. Менинг олдимга ҳам кимнидир хўб мақтовлар билан аллада азиз қилиб олиб келишса ва у мен кутган гапни айтмаса, мен ҳам унга ишонмаган бўлардим балки: «Ҳа ярамас-а! Муваффақиятининг сирини айтишни истамаяпти! Билиб олсам, бозорини касод қилишимдан қўрқяпти!», деб. Йўқ, мен ундай ўйламасдим. Лекин оромгоҳдаги ўғил-қизлар тахминан шунақароқ ўйлашди, тушунишимча. Тўғридан тўғри шундай дейишди ҳам — сирингизни айтмаяпсиз, деб. Ростдан ҳам ҳеч қандай сир бўлмаса, мен на қилай?

Хуллас, охири ғала-ғовур бўлиб кетди. Оромгоҳ катталаридан бири келиб, «меҳмонга рухсат берайлик», деди. Жуда кўнглимдаги гап бўлди. Даврадан чиқарканман, яна боягидек — гулдурос қарсаклар. Бу ўғил-қизлар сарлавҳа қўйишни балки билишмас, лекин қарсак чалишни ростдан ҳам боплашади. Бир-икки тингловчи қўл узатиб, кўришди. «Майфайв» каналидан мухбирлар бор экан, интервью беринг дейишди. Яна бир-иккилари келиб, гапи борлигини, бир нарса сўрамоқчи эканлигини айтди. Бир гуруҳ қизлар билан селфиларга ҳам тушдим. Олдин ҳеч бунақа эътибор марказида бўлмаганман — юлдузлик касалига чалинишимга бир баҳя қолди.

Буларнинг бари бир томон, бухоролик бир йигитчанинг қайсарлиги бир томон бўлди. У «ҳозирги даражамга чиқишим»га ёрдам берган сиримни айтишни қатъий талаб қилди. «Мен аслида спортчиман, чемпионман. Барча рақибларимни бир «приём» билан мағлуб этганман, сизда ҳам шунақа бир «приём» бор, бўлиши керак. Шуни айтинг», деди. Қайта-қайта, айлантириб сўрайверганидан охири ичимдаги ўзим ҳам билмаган бир гапни суғуриб олди.

Охирги икки йилда ҳаётимизда шу қадар кўп ўзгариш бўлдики, 2012—2013 йиллардаги вазият кўпчиликнинг ёдидан чиқиб кетган бўлиши мумкин. Лекин мен яхши эслайман. Одамлар ҳамма кўриб турган, оддийгина фактларни ёзиш тугул, овоз чиқариб айтишга-да қўрқарди (фақат бир киши гўёки ҳеч нарсадан қўрқмасди — Гулнора Каримова. «Порахўрлик ҳақида ошхонада пичирламасдан, жамоавий мурожаатлар ёзиш керак»лиги ҳақида у 2013 йили айтган эди).

Қўрқувнинг не қадар катта бўлганини дўстим Диёр Имомхўжаев билан боғлиқ бир воқеа мисолида тушунтиришни истардим. «Кун.уз»ни энди ишга туширган вақтимиз хорижий бир манбага асосланиб Ўзбекистон Афғонистонга фалон миллион долларлик электр энергия экспорт қилаётгани ҳақида хабар чиқарганмиз. Шунда Диёр: «Бошимизга бало бўлмасмикин? Хавфлироқмасмикин бунақа хабарлар?», деб, эҳтиёткорликка чақирганди (ҳа-я, қўрқувни эҳтиёткорлик деб ниқоблаш одатимиз ҳали ҳам бор).

Мен бухоролик йигитчага бу мисолларни айтганим йўқ. Мен бор-йўғи: «Одамлар айтишга ҳам қўрқадиган оддий фактларни сарлавҳага чиқарганмиз, холос», дедим. У менга қараб: «Демак, риск қилгансиз», деди. «Мана шу сизнинг «приём»ингиз экан», деди. «Ҳа, риск қилганмиз», дедим. «Шунақа шекилли», дедим ичимда. «Ҳозир қўрқоқ бўлишим мумкин, лекин ўшанда ростдан ҳам қўрқмаган эканман», дедим яна хаёлимда. Йигитчага эса ҳавасим келди — у яхши спортчи бўлиши мумкин, лекин жуда кучли интервью олувчига (балки аёвсиз терговчига) ҳам айланиш салоҳиятига эга бир бола экан.

Тўғриси, Чимёнга сафарим кўп ҳам ёқимли бошланмаган эди. Эрталаб уйдан чиқсам, машина орқа балонининг дам чиқиб кетибди. Уни «одам» қилгунча ярим соат вақт кетди. Сўнг Қибрайда «правам»ни олдирдим (инспектор «Дарё»да ишлашимни билиб, узлуксиз ўқ чизиғини босганим учун жаримани ёзаркан, ўша куни ўғирланган бир Spark’ни ҳали қидирувга берилмасидан қандай қилиб қўлга туширишганини завқи келиб айтиб берди). Лекин якун менга ёқди — қурултойни ёритишга сафарбар қилинган бир спортчининг қайсарлиги сабаб мен 5-6 йил аввал дўстларим билан бирга сарлавҳа қўйишни билганимиз учун эмас, балки қўрқувни енгиб, таваккал қила олганимиз учун кичик бўлса-да бир муваффақият эришганимизни ўзим учун кашф этдим.

Ким билсин, балки ҳамма ўзгаришлар, янгиланишлар қўрқувни енгишдан бошланар.

4.07 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.07 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.37 / 12
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 8

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3.5 Расул Кушербаев 31/05, 23:34
4 Абдумалик Носиров 01/06, 00:00
3 Бахтиёр Шералиев 01/06, 01:41

Sarlavhaning oxiriga "... kundaligimdan parcha" deb qo'shib qo'yish kerakmikan?...

4 Саид-Абдулазиз Юсупов 01/06, 02:17
3.5 Давронбек Тожиалиев 01/06, 03:44
4 Мақсуд Саломов 01/06, 09:41
5 Қаҳрамон Асланов 01/06, 11:26
5 Шерзод Шерматов 01/06, 12:03
3 Нигора Умарова 01/06, 12:32
5 Тўлқин Юсупов 01/06, 12:53
5 Беҳзод Қобулов 01/06, 13:00
3.5 Олимжон Солижон ўғли 01/06, 15:13
3.5 Уйғун Ғафуров 01/06, 16:14
5 Мубашшир Аҳмад 01/06, 16:49
4 Адҳам Отажонов 01/06, 18:45
5 Умид Гафуров 01/06, 19:47
4 Музаффар Назаров 01/06, 23:08
5 Маҳсуджон Асқаров 01/06, 23:21
4 Нодир Закиров 02/06, 08:44
3.5 Мансур Тангишов 02/06, 17:15
4 Шунқор Чориев 02/06, 20:20
3.5 Ботиржон Шерматов 02/06, 20:59
3 Иноят Садикова 02/06, 21:15

Muhrimbek, juda sayoz bo'lib qolibdi. Yana o'qituvchi sifatida ham aytmoqchimanki, dars o'tishga tayyorlanmay borishlik yaxshi emas ) Ohirida aynan sarlavhaga monand ravishda "Bundan buyon trenerlikka takliflarni o'ylabroq qabul qilaman" - dersizmikin debman )

Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
3 та фикр