АЁЛГА БАХТ БЕРИНГ

Ra`no Mahmudova
Саралаш

Ҳар бир она ўғлига келин қидираётганида иболи, хаёли, меҳнаткаш, кўнгли очиқ ва албатта ўз қизидек меҳрибон келини бўлишини орзу қилади. Шунингдек қиз бола ҳам янги ҳаёт остонасига қадам қўяр экан, қайнонасининг меҳрибон, ширинсўз, мулойим ва албатта ўз онасидек раҳмдил бўлишини истайди. Ҳеч қайси қиз бола турмушга чиқаётганида бироз яшаб кўрай, ҳаётим ёқмаса ажрашиб кетавераман демайди, қайнона ҳам агар келиним кўнглимдагидек чиқмаса уни қўйдириб, ўғлимга бошқасини олиб бераман деган мақсадни дилига тугмайди. Шундай экан нима учун қайнона-келин можароси ҳеч ҳам адо бўлмайдиган мавзу бўлиб қоляпти? Нима учун ёшларнинг ажрашиб кетишига арзимас икир-чикирлар, майда-чуйда гап-сўзлар сабаб бўляпти?

Бир оилани яхши танийман. Йигит билан қиз бир-бирига кўнгил қўйиб турмуш қуришган. Тўйдан кейин уларнинг ҳар тонг хушкайфиятда суҳбатлашганча биргаликда ишга кетаётганларига кўзим тушди. Ёз вақти кечқурунлари ёш эр-хотинлар сайрга чиқишади, гўё улар эр-хотин эмас, яқиндагина танишган ошиқ-маъшуқлардек охиста қадам ташлаганча кўчаларни айланишади. Уларнинг илиқ муносабатини, борган сайин бир-бирисиз ҳаётларини тасаввур қилишаолмаётганларини кўриб ҳавас қилдим. Қанийди менинг ҳам ўғилларим уйланиб, ўз жуфтлари билан шундай меҳр-муҳаббатда бўлсалар деб ният қилдим. Йигит спорт билан шуғулланарди. Келинчак эса олийгоҳ талабаси эди.

Бир куни йўлакдан қайнонанинг баланд товушда ўғли билан келинини тергаётгани қулоғимга чалинди:

–Сени ёлғиз ўзим катта қилгандим! Емай-едирдим, киймай кийдирдим. Ёшлигимни, боримни сенга бағишлагандим! Энди қариганимда кўрган роҳатим шуми?! –дерди қайнона.

–Ойи, ўқишини тугатиб олсин, кейин уйда ўтиради, хизматингизни қилади, –ўғил ҳам асабийлашганидан овозини баландлатди.

–Мен бу уйда чўриман. Келин олиб ҳам қўлим косов, қўлим супурги бўлиб ўтиравераман!

Келин нималардир деди, йигитнинг “ўчир овозингни, онамга гап қайтарма” деган важоҳатидан кейин дарвозанинг зарб билан ёпилгани эшитилди. Кимдир зиналардан шошганча тушиб кетди. Шу воқеадан кейин йигит бир ўзи ишга кетадиган, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай келин хомуш бўлганича ёлғиз ўзи борадиган бўлди. Аёл аввалгидек мафтункор эмас, ранглари сўлғин, пардозсиз, бир алфозда. Қўш кабутардек сайрга чиқишлар энди йўқ. Қайнонанинг нолиши билан бошланган бақир-чақирни эр-хотиннинг узлуксиз жанжаллари давом эттира бошлади. Кейинчалик келин умуман кўринмай қолди. Йигит тез-тез оёқда туролмайдиган даражада ичиб келадиган бўлди. Қайнона ўғлини шу кўйга солган келинни қарғай-қарғай бошқа келин излашга тушди. Йигит иккинчи бор уйланишни истамадими ёки ароқхўрга ҳеч ким қизини бермадими, хуллас туппа-тузук, спортчи бўлган йигитнинг энди на оиласи бор, на тузукроқ иш жойи. Уни бу кўйга тушишига онасининг худбинлиги сабаб бўлмадими? Умрини ўғлига бағишлаган она яна бир оз сабр қилганида, токи келини ўқишини битириб олгунича уни ўз қизидек кўриб меҳр беролганида эди... Ўғлини келинидан қизғангани, келинининг бахтиёрлигига ғайирлик қилгани эвазига фарзандини ичкилик гирдобидан қутқара олмади.

Ҳаётда шу каби қайноналар учраб туради. “Мен ёшлигимда ўйин-кулгу кўрмаганман. Эрим менга ҳеч нарса олиб бермасди, ҳеч қаёққа олиб бормасди. Умрим фақат қайнона-қайнотамнинг хизматини қилиб ўтиб кетди. Келиним ҳам менга ўхшаб чидасин” дейдиган қайноналар ўғил уйлантиришдан аввал қалбларини худбинлик балосидан тозаласинлар. Мен ҳам яқинда келинлик бўлдим. Келиним эрталаб етти яримларда ишга кетиши керак. Айни шу вақтда қайнонам, ўғлим уйқудан уйғонишади. Келиним нима қиларини билмай типирчилаб қолади.

–Қизим, сиз тезда ишингизга кетаверинг, давлатнинг иши ўйинчоқ эмас. Арзимас юмушларни ўзим ҳам қилавераман, –деб ишига жўнатиб юбораман.

Бундоқ олиб қарасам, ўрин йиғиш, нонушта тайёрлаш, ошхонани саранжомлаб қўйиш оғир иш эмас. Шу арзимас юмушлар қолиб кетяпти деб келинини тайёр ишидан, ўқишидан бўшатиб олаётган қайноналарни мен онгсиз деб ҳисоблайман. Баъзан ўғлим “Ойи, келин олсангиз дам олиб ўтирасиз дегандим” деб хафа бўлади. Мен уни уришиб бераман. “Хотининг ишдан келиб овқат пиширяпти, ошхона, хаммомларни, кирларни ювяпти. Шунча қилган юмуши кўзингга кўринмай, менинг ювган иккитагина идишим кўзингга кўриняптими” дейман.

Келиним хомиладор бўлганидан бери иштаҳаси йўқ, гемоглабини камайиб кетган, қон босими паст. Ўзимнинг ёшлигимни эсга оламан. Қайнонам қаттиққўл бўлганлари учун уйқуга тўймасдим сира. Қани энди мазза қилиб ухлаб олсам дердим. Шунинг учун келинимни тушуняпман, дам олиш кунлари кечроқ туришига, пешин вақти ухлаб олишига шароит яратиб бераман. Бир куни келиним саҳар туриб қон топшириш, турли кўриклардан ўтиш учун поликлиникага йўл олди. Яна хомиладор вақтимда қорним очиб, мадорсизланганча кўриклардан ўтганларим, уйга келиб дам олмай уй юмушларга шўнғиганларимни эсладим. Шу куни ўғлим ишга бормаганди. Ўғлимга ҳомиладор аёллар боши айланиб йиқилиб тушиши мумкинлигини, шундай вақтда биронта яқини ёнида бўлишини тушунтириб, келинимнинг ортидан жўнатдим. Қон топшириб бўлгач, бирон ошхонага олиб кириб кўнглига ёққан овқатини олиб беришини уқтирдим.

–Ойи, уйда ҳамма нарса бор-ку, ортиқча ҳаражатнинг нима кераги бор, –деди ўғлим.

–Ҳомиладор аёллар кайфияти яхши бўлса иштаҳаси очилади. Уйда егиси келмаганини кўчада ейиши мумкин. Айтганимни қил, соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади, –дедим.

Мен келинимга хўжакўрсинга меҳр кўрсатмаяпман. Ўз қизимга қай даражада ачинсам, келинимга ҳам шунчалик раҳмим келяпти. Келин ҳам фарзанд, оналар фарзанди еса егандек бўлади, дам олса ўзи дам олгандек туюлади. Ўғлим билан келиним суҳбатлашиб ўтиришганида уларнинг нигоҳларида бир-бирига бўлган чексиз ҳурматни, меҳрни кўраман. Ўғлимнинг қанчалар бахтиёрлигини кўриб кўрган қийинчиликларим ёдимдан кўтарилиб кетади. Шу келиним туфайли ўғлим бугун яйраб-яшнаб яшаётган экан, нима учун келинимни ёмон кўришим керак. Меҳр берсанг меҳр кўрасан деганлари ҳақ рост экан. Келиним хали ёш, оғироёқ бўлгани учун юз фоиз барча юмушларимни қўлимдан ололмагандир, лекин менга кўрсатаётган мулозаматини юракдан бажаради. “Ойижон” деган сўзи чин дилдан чиқаётганини ҳис қиламан. Баъзи қайноналар никоҳ куни уч юз, тўрт юз чоғли меҳмонлар олдида “Мен келинимни ўз қизимдек кўраман” деб ваъда беришадию, амалда эса бунинг аксини кўрсатишади. Совчиликка борганда “Қизингизга асло қайноналик қилмайман, билмаганини ўргатаман” деган кўпчилик қайноналар ўз сўзида туришолмаяпти. Бундай иккиюзламачиликлар ёшларнинг севиб-севилиб яшашларига тўсқинлик қиляпти. Ажралишлар сони худбинлик, иккиюзламачилик эвазига содир бўляпти.

Энди мен сизга нима учун келинимга бу қадар меҳр бераолишимни, ўғлимни сира қизғанмаслигим сирини айтай. Мен жуда оддий инсонман. Манманликка, дабдабага, кибрга берилмайман, исрофдан қўрқаман. Ушбу иллатларга берилган қайноналар эса тўйпарастлар. Келиннинг онаси қилган сарпосига, дастурхонига қараб келиннинг қадрини ўлчайдилар. Келин улар учун мақтанчоқликнинг, ўзини кўз-кўз қилишнинг қуроли.

Ҳадемай Ҳайит байрами яқинлашмоқда. Қиз узатган оналарнинг, оталарнинг кўнглига ғулғула, қўрқув оралаган. Чунки улар уч кунлик Ҳайит дастурхони учун ноз-неъматларни, тоғора-тоғора овқатларни етказиб беришлари, бундан ташқари яна сарпо-суруғ тайёрлаб қўйишлари керак. Бунча сарф-ҳаражат уйқусиз тунлар, тинимсиз меҳнатлар, бошқа фарзандларнинг еб-ичишидан қийиш эвазига келиб чиқиши ҳаммамизга аён. Ундан кўра ёшларни Самарқанд, Бухоро каби зиёратгоҳларга саёҳатга юборсак олам гулистон бўлмайдими! Барча миллатда тўйдан кейин келин-куёв асал ойида маданий ҳордиқ чиқаради. Ўзбек келинлари хизматкорликни илк кунданоқ бошлаб юборишади. Ҳеч бўлмаганда уч кунлик ҳайитда ёшларни ўз холига қўйиб, уларни хурсанд қилиш қўлимиздан келмайдими... Йўқ, ўзбек келинларининг маданий хордиқ чиқаришга ҳақлари йўқ. Улар ҳомиладорликларига қарамай уч яшар болага ҳам етти букилиб салом беришлари, ота-онаси томондан нарса таъма қилишлари, қайнонадан раҳмат эшитиш ўрнига “онанг ундай қилмабди, бундай қилмабди” деган маломатларга чидашлари шарт!

Яқинда келинимнинг тоби бўлмай касалхонага ётқизмоқчи бўлдим. Бизга қарашли 1-туғруқхона вақтинчалик беркилгани сабабли 2-туғруқхонага ётқиздим. Ўзини аямай, ҳомиладор холида оғир кўтариш, эртаю кеч букилиб меҳнат қилавериш, руҳан сиқилиш натижасида ҳомиласидан айрилиш хавфига учраган келинларнинг кўплигидан тўрт хонали беморхонага етти-саккиз нафар беморни жойлаштиришга мажбур бўлишди.

Дунёда энг меҳрибон, жафокаш, фарзандлари учун жонини фидо қиладиган аёл бу ўзбек аёли эканини барчамиз яхши биламиз. Шу ўринда чуқур мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, дунёда энг бағритош, бераҳм, қаҳри қаттиғи ҳам ўзимизнинг ўзбек қайноналари экан! Қайси миллатда чарчоқдан қотиб ухлаб ётган ёш келинни саҳар уйқудан уйғотишади? Уйқуда турган мия бирданига хадик билан уйғониб, яшаш фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайдими? Хали кўзидан мудроқ кетмаган келинни саҳардан то қоронғу тушгунича турли юмушларни буюриб тиндиришмайди? Ўнлаб юмушларни бажариб, орасидан битта юмушни нотўғрироқ қилиб қўйса, ўша келинни уқувсизликда, дангасаликда, ишёқмасликда, онаси иш ўргатмаганликда, керак бўлса тарбиясизликда ҳам айбланади? Бу адолатсизлик аёлнинг руҳини синдирмайдими? Бизда келиннинг эрига тегишли бўлган инсонларга кунда чой қуйиб узатиши, олдига овқат тайёрлаб қўйиши энг арзимаган юмушлардан бири саналади, бироқ бошқа миллатларда шу арзимаган вазифани аёллари ўзига эп кўрмайди, бажарган тақдирда ҳам оғриниб, ўзини хизматкор санагандек миннат билан бажаради. Ва бу оғриниш уларда табиий хол саналади. Тасаввур қилинг-га, ҳурматли ўзбек қайноналари, келинингиз келмасидан аввал уйдаги вазифаларнинг барчасини ўзингиз бажараётгандингиз, кап-катта эркак бўлиб қолган ўғлингизнинг кийимини ювиб, дазмоллаш, ишга жўнатиш, кечаси кутиб олишдан борган сари чарчаб, қани энди тезроқ уйлантирсаму, хотинига топширсам, анча енгил бўлардим деб орзуладингиз. Озиб ёзиб меҳмондорчиликка борганингизда эса еган ичганингиз татимай, фикру хаёлингиз уйда бўларди, шунда хаёлингиздан, “Қани энди тезроқ келин олсаму уйимда қоровул бўлиб ўтирса” деган ўй ўтарди. Энди эса келинлик бўлдингиз, уй юмушлари, қозон-товоқни буткул келинга топширдингиз, ўғлингиз қачон келиб қачон кетгани билан ишингиз йўқ, истаган вақтингизда уйқудан турасиз, хоҳлаган жойингизга бориб бемалол яйраб ўтириб келасиз. Орзуларингиз, истакларингиз рўёбга чиқгани учун Яратганга шукроналар айтиш ўрнига эса, шайтон қалбингизга манманлик, мағрурлик, кибру ҳаво иллатларини ёя бошлайди. Эртаю кеч хизматингизни қилган келинингиз раҳмат ўрнига дакки эшитавериб, ахийри дийдаси қотиб кетади. Аста-секин гап қайтаришни ўрганади. Сиз буни шундоқ қолдирмайсиз, ўғлингизга чақасиз. Илгарилари “Ойи, илтимос, шимимни дазмоллаб беринг”, “Ойи, қорним оч, нима овқатингиз бор” деб сизга ялиниб юрган ўғлингиз ҳам энди хотинли бўлиб, умр йўлдошига бемалол буйруқ бераётган, ўзи бажариши мумкин бўлган юмушларни ҳам хотинига юклаб қўйган бўлсада, бундай пайтда хотинидан баланд келиб, “Сен яхши иш қилолмаётган экансан, онамнинг кўнглини ололмаяпсан. Хотин топилади, она эса битта...” деб баттар аёлининг руҳиятига салбий таъсир ўтказишни бошлайди. Эндигина эрига ўрганаётган ҳар қандай келинчакнинг кўнгли бу сўзлардан кейин чилпарчин бўлади. Унинг фикру хаёлини “Нега турмушга чиқдим, бундай маънисиз ҳаётда яшагандан кўра эрсиз ўтганим яхши эмасмиди” деган ўйлар ғужғон ўйнай бошлайди. Қарабсизки, қайнонанинг манманлиги оқибатида келиб чиқган майда жанжаллар туфайли эр-хотин ўртасига совуқчилик тушади.

Эр-хотинлар битта сабаб билан ажрашишга мажбур бўлишади. Қачонки улар ўртасига совуқчилик тушиб, бир ёстиққа бош қўйишдан маҳрум бўлсалар. Буни дин ҳам, тиббиёт ҳам аниқлаган. Бир журналда ўқигандим, қайсидир мусулмон мамлакатда шундай қоида бор экан. Эркак кўчадан кириб келганида унинг аёли бажараётган юмушини ташлаб, эрининг ҳузурига ошиқиши, унинг атрофида парвона бўлиб, овқатланаётганида ёнида ўтириши, суҳбатлашиши, қачонки эри ижозат берсагина бошқа юмушларини бажаравериши мумкин бўларкан. Бундай вақтда оиланинг бошқа вакиллари аёлни безовта қилиб чақиришмас, иш буюришолмас экан. Бизда-чи, тўғри, аёл ўзгалар ёнида эри билан ёнма-ён ўтириши, қайнона-қайнотанинг кўз олдида эри билан уйга кириб кетиши уят, айб саналади ва бу аёлнинг хаёсидан, ибосидан дарак беради. Бу яхши фазилатларимиздан бири . Бироқ ҳамма нарсанинг меъёри бўлганидек, эр-хотинларнинг ўртасидаги муносабатга хадеб аралашавериш, уйқуга тўймай, эрининг кўнглини олишга вақт тополмаётган келинчакларни хўроз қичқирмай уйғотиш, келинчакларнинг бор кучини фақат меҳнат учун сарфлатиш тўғримикин?

Менимча ўз фарзанди учун меҳрибон қайноналар келинларига ҳам меҳр кўрсатишлари лозим. Чунки келин ўғлининг бир умрлик йўлдоши, ўғлидан бунёд бўладиган набираларнинг онаси. Қани эди барча қайноналар келинлари саҳар тураётганида “Болажоним, аввал нонушта қилиб олинг, иш қочиб кетмайди. Ҳовли соат беш, олтида супурилмаса осмон узилиб ерга тушмайди. Бемалол соат еттиларда ҳам супусангиз бўлади” деса. Ёки бўлмасам, “Болажоним, сиз ҳам темирдан эмассиз, пешин маҳали бўлди, бироз мизғиб олинг, толиққансиз, соғлом онадан, соғлом фарзанд туғилади” дея меҳрибончилик кўрсатса олам гулистон бўлмайдими...

Баъзи қайноналар шуни билиб қўйсинларки, келинни бошиданоқ қўрқитиб оламан, кўзимга қараб туриб нима демоқчилигимни билиб оладиган қиламан деган қайноналар қаттиқ янглишадилар. Келин қайнонадан, эридан қўрққанидан эмас, балки ўша хонадонга меҳр қўйганидан, оила аъзоларини ҳурмат қилганидан бажарсин хизматларини. Ҳар қандай итоатгўй, индамас, тили жағи йўқ аёл қайнонасининг аламини барибир эридан олмай қўймайди. Шунинг учун қайнона келинни бесабаб тергашдан аввал ўғлининг кўнглини, тинчлигини ўйлаб кўрса зулм қилишдан бироз бўлсада тийилган бўларди. Шу ўринда қайноталарнинг ҳам ўз ўринлари, вазифалари борлигини унутмаслигимиз лозим. Нафақада бўлган, ҳар замонда чойхонага, масжидга бориб келишдан бошқа юмуши бўлмаган қайноталар соғликлари кўтарса ўз таҳоратлари учун сувни ўзлари тайёрласалар бўлмайдими? Ёки қайноталик минбарларидан тушиб қоладиларми? Уйимда келин бор-ку, дея ҳомиладор келинни фақат хизматкор сифатида кўрадиган қайноталарнинг ўқиган тоат-ибодатлари даргоҳида қабул бўлармикин...

Кўп қаватли уйлар жойлашган маҳалламиздаги ҳар бир йўлакда икки-уч нафардан келинлар бор. Улар шароитларига, имкониятларига қараб кўчаларни супуриб туришади. Шундай бўлсада, серқатнов кўча бўлгани учун дом атрофи ивирсиб кетаверади. Бунинг устига ҳар дақиқада хазон тўкилади.

Домимизда олтмишларга бориб қолган эркак бор. Нафақага чиқгач киракашлик билан шуғуллана бошлади. Эрталаб соат олти яримларга яқин гаражидан машинасини олиб чиқади. Кетишдан олдин эса атрофдаги хазонларни супуриб олади. Маҳалламиздаги баъзи аёллар уни ғийбат қила бошлашди, яъни ўша эркакни бўш-баёвликда, овсарликда, ўзининг келинларидан қўрқаётганликда айблашди. Бир куни у билан хол-аҳвол сўрашарканман, гапдан гап чиқиб фикримни билдирдим:

–Сиз ҳар куни хазонларни супуриб оляпсиз, катта раҳмат сизга. Лекин баъзи қайноналар буни гап-сўз қилишяпти.

–Нима демоқчи эканингизни тушуниб турибман, –деди у вазминлик билан. –Келинларимнинг ёш болаларидан ортиб бажарадиган юмушлари кўп. Эрталаб боғчага, ишга чопиб кетишади, кечқурун овқат тайёрлаш учун шошиб келишади. Эрталаб бироз уйқуга тўйиб олишсин дейман-да. Менинг сира уйқум йўқ, саҳар туриб оламан. Бекор ўтиргандан кўра бир парча ерни супурсам нима бўлибди, ахир кексаликда одам ҳаракат қилиб турса соғлиғига фойда-ку.

Нафақат ўз уйидаги аёлларини аяётган, балки маҳалламиздаги бошқа қўшни келинчакларга ҳам беминнат кўмак бераётган бу эркакни бошқалар масхара қилишса қилишаверсин, лекин мен уни энг мард эркак, ҳақиқий кўнгли тоза инсон деб ҳисоблайман. Қани энди барча қайноталар, эркакларнинг бағри унингдек кенг бўлса эди, оилаларда ғийбатлар туфайли юзага келаётган ажрашишлар сира содир бўлмасди.

Бу мавзуларни қайта-қайта ёзишимиздан мақсад шуки, ҳар биримизнинг хонадонимизга кириб келган келинчак ўзининг тарбияси, меҳнати, оёқ-қўли чаққонлиги билан гўзал. Зеро ҳеч ким меҳнатдан ўлмайди, бироқ, келин дегани қул дегани эмас, унинг ҳам ўз ҳаёти, орзу-умиди, кўзлаб қўйган режалари бор. Қайноталар, қайноналар эса мулоҳазакорликлари, ақл-фаросатлари, камтарликлари билан, энг муҳими, соддадилликлари билан оиланинг фариштаси, устуни ҳисобланадилар. Ҳурматли қайнона-қайноталар, сизга соғлом набира керакми? Келинингизни асранг! Ўғлингизнинг бахти керакми? У ҳам аёлини асраб-авайлаши учун имкон беринг.

Аёлга бахт беринг дея қўшиқлар яратиляпти, шеърлар битиляпти. Мушоҳада қилиб кўрсак оддий бир аёлнинг бахтли бўлиши учун кўп нарса керак эмас. Турмуш ўртоғининг ширин сўзи, фарзандларининг соғ-саломатлиги, оиласининг хотиржамлиги, мана шуларгина аёлнинг бахтли бўлишига кифоя. Қайноналар ёшларнинг ҳаётига халал бермасликлари учун ҳам тўйпарастлик иллатларидан қутулайлик! Эр-хотинлар эмин-эркин, севиб-севилиб яшашлари учун уларнинг онгини бўлмағур сарф-ҳаражатлар билан чалғитмайлик. Қийналиб топган пулларимизни меҳмондорчиликларда тортиладиган қозон-қозон овқатларга эмас, фарзандлар билим олишига сарфлашимиз учун нафсимизни тияйлик! Аёлга бахт бериш учун жимжимадор қафас ичидаги бахтни озодликка чиқариш йўлида ҳар қандай тўсиқни илдизи билан суғуриб ташлайлик. Токи келажак авлод биз қилган хатони такрорламасин.

Азиз дугоналар, опа-сингиллар, кўпни кўрган онахонлар, нима учун газета ходимлари айни байрам арафасида танқидий мулоҳазани кўтаришибди деб хафа бўлаётгандирсиз. Мақсадимиз шуки, байрам баҳона бир-биримизга янада кўпроқ меҳр беришга, қадримизга етишга ҳаракат қилайлик. Эркагини асраган аёл қайнонасини, келинини ҳам авайлайди, қайнбўйнилари билан муросаи мадорани йўлга қўяди. Гина-кудуратлар, аразлар, ёмон хисларни ортда қолдириб, келажакка чиройли нигоҳлар билан боқайлик. Нафақат 8 Март, ҳар кунимиз байрам бўлсин. Зеро бу кунларга кимлар етди, кимлар етмади...

3.79 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.79 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.12 / 10
  • Муштарийлар баҳоси
    4.34 / 15

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 25/04, 13:54

Sizdek o'ylaydigan qaynonalar ko'paysin deb qolaman.

5 Абдумалик Носиров 26/04, 11:47

Тахсинга лойик инсон экансиз! Раҳмат сизга жаноби инсон...

5 Мақсуд Саломов 27/04, 09:34

Yaxshi mavu ko'tarilibdi. Oila masalasida tajribali inson emasman. Lekin o'zim shohid bo'lgan ajralishlarning anchagina qismiga qaynona-kelin o'rtasidagi kelishmov sababchi bo'lgan. Ushbu muammoni faqat ayollargina hal qilishi mumkin (bir tarafdan qaynona, bir tarafdan kelin bo'lib). Muallif muammoni hal qila oladiganlar vakilasi ekanligi alohida tahsinga loyiq.

3 Давронбек Тожиалиев 27/04, 15:09
4 Олимжон Солижон ўғли 30/04, 20:36
4.5 Шерзод Шерматов 13/05, 02:02
5 Расул Кушербаев 16/05, 23:16
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 17/05, 03:05
3 Қаҳрамон Асланов 18/05, 16:05
4 Нигора Умарова 18/05, 16:34
5 Маҳсуджон Асқаров 18/05, 22:39
4 Тўлқин Юсупов 19/05, 15:22
5 Умид Гафуров 20/05, 01:36
4 Музаффар Назаров 20/05, 13:15
5 Беҳзод Қобулов 20/05, 13:49

Ҳаммага ҳам сиз каби қайноналар насиб қилсин!.. Лекин, матн жуда чўзилиб кетган. Қисқароқ бўлса, ўқишга қулай бўларди, каттароқ аудитория ўқирди.

4 Мансур Тангишов 20/05, 20:02
4 Шунқор Чориев 20/05, 21:12
4 Иноят Садикова 20/05, 23:13
4 Мубашшир Аҳмад 21/05, 00:26
4 Нодир Закиров 21/05, 05:38
4 Уйғун Ғафуров 21/05, 17:05
4.5 Адҳам Отажонов 21/05, 17:27
5 Ботиржон Шерматов 21/05, 20:27
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
3 та фикр