Аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан... бизнесни тебратади

Nazokatxon Annayeva
Саралаш

Ҳар қандай инсон фаолияти ўзининг имманент белгиларига эга. Мазкур белгиларга қараб у бошқа фаолият турларидан фарқланади, уни ташкил этиш, бошқариш кабилар. Бу шунчаки индуктив ёндашишдан дедуктивга бориш бўлиб қолмай, бутунни, жамиятни яхлит тизим сифатида қисмлар манфаатларини бутун, жамият атрофида уйғунлаштириш, шу тариқа гармоник алоқалар ўрнатиш талабидир. Мазкур талабга риоя этмаслик қисмлар ўртасида бошбошдоқликни, хаосни, дисфункционал ҳатти-ҳаракатларни юзага келтиради. Айнан шунинг учун ҳам аёллар тадбиркорлигининг имманент белгиларини ўрганиш зарур.

Хўш аёллар тадбиркорлиги қандай имманент белгиларига эга? Уларнинг гендерга нима алоқаси бор? Гендер белгиларни ажратиб кўрсатиш аёллар тадбиркорлигининг умуминсоний ва умумижтимоий хусусиятларини инкор қилишга олиб келмайдими?

Аёллар тадбиркорлигининг имманент белгилари қуйидагиларда намоён бўлади:

1. Ихтиёрий, эркин тарзда ташкил этилади ва олиб борилади.

2. Хотин-қизларни жалб этиш хусусиятига эга.

3. Жисмонан енгил вазифаларни бажаришга қаратилган.

4. Ташқи стимулга ва қўллаб-қувватлашга муҳтож.

5. Флюктацион хусусиятга эга.

Ихтиёрийлик, эркин фаолият инсоннинг энг аввало ички манфаатлари ифодаси сифатида келади. Ўз манфаатини англаган, уни рўёбга чиқариш мумкинлигини сезган киши у ёки бу фаолият турини танлайди. “шўролар даврида “иқтисодий эркинлик” деган тушунчанинг ўзи бўлмаган деб ёзади С.Д.Норқулов.-Давлат барча мулкка, корхоналар ишлаб чиқариш воситалари, ер, сув, маҳсулотларига эгалик қилган, ўзи билганича улардан фойдаланган. Фуқароларнинг ҳуқуқи давлат ажратиб берган, рухсат этган корхона, колхоз ёки совхозда ишлашдан иборат эди. Кишилар онгида барча нарсани давлат ҳал этади, давлатга хизмат қилиш лозим, давлат мулкини авайлаб-асраш керак, деган фикр догма сифатида қарор топган эди. Иқтисодий эркинлик эса бозор иқтисодиётига ўтиш, хусусий мулкчиликни қўллаб-қувватлаш демакдир. Мазкур ўзгаришларсиз кишиларни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга жалб этиш мумкин эмас эди.” Шунинг учун айтиш мумкинки тадбиркорликнинг эркин иқтисодий фаолият тури сифатида шаклланиши бозор муносабатлари, турли мулк шаклларининг пайдо бўлиши натижасидир.

Хотин-қизларнинг эркин иқтисодий фаолияти билан ижтимоий-сиёсий воқелик ўртасида узвий боғлиқлик мавжудлигини таъкидлаб Н.Нишонова ёзади: “Хотин-қизларнинг бозор муносабатлари шароитидаги иқтисодий фаоллиги уларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятига ҳам таъсир этади, уларда жамият тараққиёти ҳақида тўғри фикрларни шакллантиради”[4;158-б.]. Шунингдек у аёллар тадбиркорлигини таҳлил қилиб, бугун хотин-қизлар эркин меҳнатда ўзини намоён қилишга интилмоқда, деган хулосага келади. “Илгари бўлганидек, бугун хотин-қизлар боқиманда қолишни, эри ихтиёрига тўла бўйсуниб, унинг сўзидан чиқмай яшашни истамайди, улар давлат ва жамият ишларини бошқариш, ҳеч бўлмаганда маҳалласи, тумани, қишлоғи турмушида сезиларли из қолдиришга интилишмоқда. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ҳам шундай баҳолаш керак”.

Ихтиёрий эркин меҳнат, А.Г.Маслоу ибораси билан айтганда, шахснинг “ўзини ўзи долзарблаштиришидир.” “Ўзини ўзи долзарблаштириш”(самоактуализация) биринчидан, кишининг ўз ҳаётини, кучини, интеллектуал қобилиятини ўта муҳим аҳамиятли деб билган нарсага, муаммога боғлаши билан боғлиқ. Бу ўринда киши шундай бир кўтаринки, юқори эмоционал ҳолатни (буни баъзан экстаз, тасаввурдаги трансцендентал ҳолатга қиёслашади) бошидан кечирадики, айнан ушбу ҳолат унга “Мен”и нимага қодир эканлигини аён этади. Киши ўз “Мен”ини нимага қодир эканлигини билади, натижада умрини, ҳаётини бағишлаган нарсани, муаммони “жонини фидо қилишга арзийдиган идеалга, мақсадга айлантиради”. Тадбиркорликни ҳам “ўзини ўзи долзарблаштириш”га, жонини фидо қилиб ўз кучи, вақти ва маблағини сарфлайдиган мақсадга қиёслаш мумкин. Бу ўринда энг аввало тадбиркорнинг мулкка муносабати намоён бўлади. У кучи, вақти ва маблағини сарфлаб тўплаган мулкини асрашга, ундан унумли ва ўринли фойдаланишга, уни янада кўпайтиришга интилади. “ўзини ўзи долзарблаштириш” фақат сенситив ҳолат, кечинма эмас, у ўз мулки учун жон куйдиришга қаратилган сайъ-ҳаракат ифодаси ҳамдир. Тадбиркорликдаги бундай сайъ-ҳаракат субъектнинг қандай мақсадга хизмат қилаётганини ва бу мақсадига эришиш борасида қандай позицияда турганини кўрсатади. Тадбиркорнинг ушбу ижтимоий-психологик ҳолати гоҳо уни таваккал қилишга ундайди. “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида(янги таҳрир)”ги қонунда (3-модда) тадбиркорлик таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир” деб кўрсатилади. Аммо ушбу таваккалчилик тадбиркор аёллар ўртасида ўзига хос тарзда намоён бўлади. Тадбиркорлик фаолиятининг ихтиёрий, эркин фаолият тури экани, ундаги таваккал ўзбек аёли учун энг аввало оиласи, фарзандлари осойишталиги, фаровон яшаши учун зарур.

Тадбиркор аёллар ўз фаолияти доирасига асосан хотин-қизларни жалб этишга интилишади. Айнан ушбу хусусият уларни ўзига хос касб-кор, хизмат кўрсатиш турлари билан шуғулланишга ундайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, эркак лидер, тадбиркор билан аёл лидер, тадбиркор ўртасида маълум бир фарқлар мавжуд. Бу фарқ ҳар икки жинснинг ўзига хос психофизиологик тузилиши, этномаданий анъаналарга содиқлиги, фикрлаш тарзи, стереотиплар билан боғлиқдир. Қуйидаги белгилар, бизнингча, аёллар тадбиркорлигининг аввало хотин-қизларни ўз атрофида бирлаштириши боисини очиб беради.

1. “Аёл-гўзаллик ижодкори... Улар ўзини гўзаллик, мусаффолик ва Ердаги тартибнинг мухтор вакили тутиши зарур. Ҳаёт аёл қўлларига муҳтож”. Аёллар лидерлиги ва тадбиркорлигини шарқона анъаналар, дао фалсафасига мувофиқ ўрганган. Цзинь-Нин Цун шарқ аёли қандай фаолият билан шуғулланмасин гўзалликни тарғиб этувчи, аҳлоқий қарашларни ўзида ифодаловчи тимсол бўлиб қолади, деган хулосага келади.

Ижтимоий-иқтисодий фаоллик Шарқ кишиси учун аввало маънавий-аҳлоқий қадриятлар билан ўлчанади. Шаклланган маънавий-аҳлоқий императивларга зид ҳатти-ҳаракат қораланади. Агар аёлликдаги гўзаллик улуғланса, бу шубҳасиз, унинг тадбиркорлигида ҳам ушбу талабнинг ифодаланишига тааллуқлидир. Ўз меҳнати, хизмат тури, яратган маҳсулотларига эстетик дид бағишлаш, истеъмолчиларда ҳавас уйғотадиган муомала санъатига эга бўлиш, нафосат билан яратилган нарсаларни шундай нафислик билан тақдим этиш ана шундай қадриятлар сирасига киради.

2. “Аёл инсонийликни асровчидир.” Мазкур қоидасини Цзинь-Нин Цун аёлнинг азалдан оилапарвар, фарзандсевар ҳилқат бўлиб келгани унга “эркаклар билан бир қаторда бизнесга мослашиши”га ёрдам беради, деб ёзади. Тадбиркор аёлдаги ушбу умуминсоний фазилат хотин-қизлар психофизиологик тузилишига мцувофиқ келади. Бола кўриш орзуси, азият тортиб туғиш ва бир парча этни ўзини англайдиган, гапирадиган, юрадиган инсонга айлантириш машаққатлари фақат аёлга аён. Ушбу машаққатлар ва улар туфайли шаклланган онг, менталитет аёлларни касби-кори, қизиқиши, мавқеидан қатъий назар хотин-қизларни бир-бирига яқинлаштирувчи омиллар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам тадбиркор аёллар ўз атрофига аввало хотин-қизларни жалб этади. Тўғри бизнесда жинснинг психофизиологик жиҳатлари эмас, балки тадбиркорлиги, ишбилармонлиги, даромад келтириши ҳисобга олинади. Бундай ёндашув Ғарб бизнесида яққол кўзга ташланади. Бундай ёндашув баъзи ҳолларда ўзбек тадбиркор аёлларида ҳам кузатилади. Айниқса КБХТ билан ўта банд, маълум бир ютуқларга эришган аёллар тадбиркорликда биринчи навбатда дадиллик, талабчанликни қўйишади. Демак, КБХТда тажриба ошган ва ютуқларга эришган сайин аёлда тадбиркорлик фаолияти учун зарур фазилатларни юқори баҳолаш кўникмаси ҳосил бўлади. Бундай аёл ёнига шундай фазилатларга эга хотин-қизларни тўплашга интилади.

3. “Аёллар таслим бўлмайди. Бизнесда барқарор ютуқларга эришиш учун шахсга ички қатъият ва энг оғир машаққатларга чидаш қобилияти зарур. Икки жинсдан энг чидамлиси аёл. Аёл эркакка нисбатан энг оғир машаққатга чидаши мумкин; бундан ташқари ҳаётдаги энг оғир иш-фарзанд туғиш биз аёллар зиммасига юклатилган”. Биз КБХТда тажриба орттирган ва бу борадаги Шарқу Ғарб тажрибаларини таҳлил қилиб ўз тасаввури, бизнес фалсафаси синтезидан ўтказган тадбиркор аёлнинг хулосасидир. Цзинь-Нин Цун аёллар психофизиологик жиҳатларига урғу бераётгани бежиз эмас. Фарзанд туғиш изтироби аёлларни бир-бирига яқин қилади, улар тез ўзаро тиллашиб кетишади, умумий, дилларига яқин мавзулар топишади.

4. Аёлларнинг сертуйғу, ҳиссиётга, эмоцияга берилувчан экани кўп бор таъкидланган. Улар ўз фаолиятига ҳам ушбу руҳий ҳолларни олиб киришга, баҳсли мавзуларни ҳал этишда ҳиссиётга эрк беришга интилади. КБХТдаги таваккалчилик баъзан шундай туйғули кишиларга омад келтиради. Аммо бу КБХТдаги барча масалалар ҳис-туйғу, руҳий кечинмалар ёрдамида ҳал этилади дегани эмас. КБХТ кўпинча ақлу идрокка таянади, рационалликни ёқтиради, ақлни қув бўлишга ундайди. Парадокс шундаки, тадбиркор аёлларнинг барчаси ҳам ақл қувлигига таянавермайди, уларда интуицияга таяниш кенг тарқалган. Бироқ бу интуиция ақл қувлиги билан уйғун келади, мазкур уйғунликни гоҳо аёлнинг ўзи ҳам тўлиқ билмайди. “Мен, -деб ёзади Цзинь-Нин Цун,-ишда масъул лавозимдаги эркак-мижозларимга қарор қабул қилишда иккилансангиз ўз туйғунгизга ишонинг ёкиаёлингиздан маслаҳат сўранг. Аёлдаги туғма интуиция стратегик фикрлаш қобилиятини оширади”.

5. Аёлда ҳаётни асраш, қадрлаш ва севиш ҳиссикучли ривожланган. Ушбу ҳис-туйғуси туфайли тадбиркор аёллар ўз атрофига шундай ҳис-туйғуга эга хотин-қизларни тез йиғади ва бирлаштиради. Бундай хотин-қизлар йиғилишдан ёки тадбиркор аёл билан ишлашга рози бўлганида маблағ, даромад орттиришдан кўра дили дилига яқин ҳаммаслак, сирдош, дугона учратганидан шод юради. Ҳаётни асраш туйғуси Она Заминини асраш, ёрдамга муҳтож кишиларга далда бўлиш, фарзандларни соғ-саломат кўриш аёл учун энг қадрли бойлик, даромаддир. АҚШлик тадбиркор аёл, The Body Shop компаниясининг асосчиси Дейм Анита Роддик дейди: “Бизнес эзгу ишларни амалга оширишга қодир. Бизнинг магазин ва маҳсулотларимиз инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда кўп масалаларни ҳал этишда кўмаклашади. Менинг фикримча, омадли компаниялар ва бизнесни яхши олиб боришнафақат деструктив тажрибани барҳам этишга, шунингдек ҳаётга янги қарорларни жорий қилишда ёрдам беради”. Бугун The Body Shop компаниясининг 23 мамлакатда икки мингдан зиёд магазинлари фаолият юритади. Улар хизматидан 80миллионга яқин киши фойдаланади. 1980йили тузилган компания ўттиз беш йилдан бери жаҳон савдо-сотиқ бозорида алоқаларни йўлга қўйишда етакчи ўринни эгаллаб келади. Компанияда хизмат қилаётганларнинг 80фоизга яқини хотин-қизлардир. The Body Shop ва Анита Роддикнинг интернетда махсус веб-сайти мавжуд, унда қандай фаолият ва хизмат турлари амалга оширилаётгани ҳақида информациялар бериб борилади.

6. Аёллар заифа эмас, улар рақобатда фаолият кўрсатишга қодир. Аёлларда эмпатияга мойиллик қанча кучли бўлмасин, улар рақобатда ишлай олмайди, мусобақа гашти, завқи уларни ҳам ўзига мафтун этмайди, деб бўлмайди. Тадбиркор аёллар ишчан хотин-қизларни ўз атрофига йиққанида рақобатдош муҳитда яшашга, ишлашга тўғри келишини унутишмайди. Улардаги интероспектив хислатлар биргалашиб ҳаракат қилиши жараёнида экстроспектив ёндашишга айланади, хизмат турларини кенгайтириб, рақобат муҳитида яшашга, ишлашга чорлайди. Аёллар заифалиги боис эмас, уни енгишга, эркаклар билан бир сафда туриб, ишлашга қодирлиги учун кучли. Тадбиркор аёл ёнида қўллаб-қувватловчи хотин-қизлар борлигини, уларга ишониш ва таяниш мумкинлигини сезганида рақобатда қўрқмайди. Аммо Шарқ аёлига хос ҳислат шундаки, у, тадбиркор сифатида, рақобатдошини енгиш, банкрот қилиш, бозордан сиқиб чиқариш учун эмас, балки рақобатда ўзига ишонган субъект сифатида қатнашишни кўзлайди. Бизнеснинг беаёв қонуни рақобатдош маҳсулот яратиб, хизмат кўрсатиб, кўпроқ даромад, фойда олиш, ён-атрофидагиларни ортда қолдириш, гоҳо банкротга учратишдир. Ўзбек тадбиркор аёлларида бизнеснинг бундай бешафқат кўриниши кузатилмайди. Улар биргалашиб, маълум бир ижтимоий-иқтисодий куч эканини сезганларида ҳам қандай йўллар билан бўлмасин бошқа КБХТ субъекти устидан ғалаба қозонишга, уни банкротга учратиб бозорни эгаллаб олишга интилмайди. Шарқона одоб, аҳлоқ нормаларига риоя этиш, меҳнат қилиб обрў, фойда топиш ўзбек тадбиркор аёлларига хос хислатдир.

Хотин-қизлар дуч келган КБХТга журъат этавермайди. Уларга жисмонан енгил вазифаларни бажариш ёқади. Шунинг учун ҳам саноат, қурилиш, тоғ-кончилик ва геология-қидирув ишлари, муҳофаза хизматлари кабиларда аёллар тадбиркорлиги деярли учрамайди. Улар асосан маданий-маиший хизматлар кўрсатишда, маъориф, таълим-тарбия, савдо-сотиқ ишларида фаолият кўрсатишади.

Аёлларнинг бундай хизматлар кўрсатиши, фаолият турларини танлаши ўзига хос этномаданий ҳамда психофизиологик асосга эга.

Хотин-қизларга хурмат билан қараш, уларнинг гўзаллигини, қаддиp-қоматини, табиат инъом этган нафислик ва ҳалимликни асраш халқимиз этномаданиятига сингган. Аёлларимизнинг ўзлари ҳам жисмоний оғир меҳнат туридан йироқ бўлишга, уни эркаклар зиммасига юклашга интиладилар. Бу ўзбек халқи этномаданиятига хос кўринишдир.

Жисмонан енгил меҳнат машаққатсиз, енгил-елпи, инсонга маънавий-руҳий лаззат бермайдиган фаолият эмас. Ўқитувчи, олим, врач, тарбиячи, санъаткор меҳнати жисмоний меҳнатда чекадиган азиятдан асло кам эмас. Интеллектуал меҳнат вақт билмайди, у инсон ўй-фикрини чулғаб олади, унгша ором бермайди. Маълум бир якун топилгач жисмонан енгил меҳнат завқи аён бўлади, ҳатто у ҳам инсонни тўла қониқтирмаслиги, уни яна изланишга ундаши мумкин.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллиги асосан XX асрга тўғри келади. Масалан, ишлаб чиқариш соҳасида АҚШда хизмат қилаётган аёллар 1950 йили 33фоизни, 1993 йилга келиб эса 57,9 фоизни ташкил этган. Шу даврга келиб ишламаётган америкалик аёллар 11фоизни ташкил этган.

XXасрда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги Европа мамлакатларида ҳам узлуксиз ошиб борган. Айниқса аёл-феминистларнинг кенг даъвати аёллар фаоллигига кенг таъсир этган. БМТнинг дискриминацияни тугатиш, гендер тенгликни таъминлаш борасида қабул қилган халқаро хужжатлари аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини оширди. Натижада хотин-қизлар ўз имкониятлари, қизиқишлари, физиологик қувватларига мувофиқ келадиган фаолият турларини танлашга ўтдилар. Натижада, масалан, Германия, Англия, россия каби давлатларда хотин-қизларнинг олий маълумот, касб-кор олишга интилиши ҳатто эркакларникидан юқори кела бошлади. Эркаклар ичида олий маълумотли 41фоизга тўғри келганида, бу кўрсаткич аёлларда 59фоизга етди. Маълумки олий маълумотли мутахассис, айниқса аёл, оғир қўл меҳнати ҳукмрон соҳадаишламайди, у ўзига қулай, осон енгилроқ вазифани қидиради. Гендер муаммоларига бағишланган махсус тадқиқотлар кўрсатадики, 1,5-2 ёшидаёқ қиз ва ўғил болалар, ўзига хос фаолият турларини танлай бошлайдилар, қизларда шаклланган нормалар доирасидаги машқлар, фаолият турлари билан шуғулланиш истаги аниқ кўзга ташланади. АҚШлик психолог, гендер бўйича мутахассислар Аллан ва Барбара Пиз аёлларнинг касб-кор танлаши улардаги миянинг ўзига хос тарзда тузилиши, ҳар бир фаолият тури мия функциялари билан боғлиқ деган фикрни илгари сурадилар. Уларнинг хулосасига кўра, эркаклар мияси аёлларникидан кўра тўрт миллиондан зиёд тўқималарга эга, аммо аёллар эркакларга нисбатан 3 фоиз зиёдроқ ақлий меҳнатга мойилроқ. Мазкур фикр тадбиркор аёлларнинг интеллектуал ёки мулоқот(вербал) хизмат турлари билан шуғулланишида яққол кўзга ташланади.

Турли мамлакатларда ва ўлкаларда олиб борилган махсус тадқиқотлар кўрсатадики, “консерватив бизнес тарафдорлари”бўлган аёллар ижтимоий-иқтисодий муносабатларда барқарорлик, изчиллик, бир-бирини қўллаб-қувватлашга эришадилар. Оилавий ҳаётдаги осойишталикни, аҳилликни, бир-бирининг ёрдамига таянишни тадбиркор аёллар ўзининг меҳнат фаолиятига тадбиқ этадилар, мазкур тартибларга зид ҳоллардан, қарорлардан қочадилар. Демак, тадбиркор аёлларда маълум бир стереотипларга таяниш, бир-бирига ёрдам кўрсатиб ишлаши орқали эътибор топиш ҳал қилувчи мотив ҳисобланади, улар эркаклардек эгоизмга, такаббурона қарорлар қабул қилишга мойил эмаслар

М.Е.Баскакова меҳнат бозори билан боғлиқ эркак ва аёл муносабатларини махсус ўрганган. Айнан меҳнат бозорида гендер тенглик-нотенглик ёрқин акс этади. Тадқиқотчининг фикрича, бугун меҳнат бозорида аёллар барқарор ўринни эгаллайди, улар нафақат ўз вақти, кучи ва меҳнатини, шунингдек юқори касб-корини, ишчанлигини ҳам таклиф этишади. Минг афсуски бу борада асосан эркаклар имтиёзларга эга. Масалан, қурилиш, саноат, қўриқлаш, коммунал хўжалик соҳаларида меҳнат қилишга асосан эркаклар, уй-хўжалик ишларига, кафе-барларга асосан аёллар жалб этилади. Меҳнат бозорида ҳам дифференциал ёндашув қарор топгани, унинг ҳам меҳнат ресурсларига ўз талаблари борлиги кузатилади. Энг муҳими шундаки, меҳнат бозорида аёллар меҳнатига талаб ва эҳтиёж катта, аммо кўпгина хотин-қизлар ўз имконияти, кучи ва қобилиятини намоён этиш, ўстиришга интилавермас экан. Уларда “жамиятдан қочиш”, яъни оилавий ҳаётга, фарзандлар даврасига “қайтиш”га мойиллик ортиб бормоқда. Бу Ўзбекистондаги айрим ҳудудларда ҳам кузатилади. Бир томондан, давлатимиз КБХТни кенг қўллаб-қувватлаётган бўлса, иккинчи томондан, айниқса бадавлат, фаровон яшаш таъминланган оилаларда, эски тасаввур ва қарашлар ҳукмрон ҳудудларда, давраларда хотин-қизларни хижобга солиш, уй бекаси, аслида “тўрт девор”га банди қилиб қўйиш ҳоллари учрайди. Бундай ҳолларда ташқи стимул ҳар доим ҳам ижобий таъсир этавермайди, хотин-қизларни стереотиплардан халос бўлишга интилиши, ўзлари ўзларини қутқариши ҳам лозим.

Хотин-қизлар ҳатти-ҳаракатларида флюктация, яъни иккиланиш ҳоллари кўп кузатилади. Улар ҳаётга, иш топишга оптимизм билан қарасалар-да, тадбиркорликда ён-атрофига қараш, тақлид қилиш, эркаклардан, айниқса тажрибали тадбиркорлардан маслаҳат олиб, ўз режаларини, қарорларини, иш тартибини ўзгартириб туришга мойил. Махсус тадқиқотлар натижалари кўрсатадики, 49 фоиз қизларда лидер бўлиш потенциали кузатилса, бу кўрсаткич йигитларда 45,7 фоизга яқин. Аммо реал ҳаётда фақат 6фоиз қизлар, 17,1 фоиз йигитлар лидерлик қилиши мумкинлигини кўрсатади. Қатъийлик, дадиллик, ўз сўзини ўтказиш истаги йигитларда 16,8фоиз бўлгани ҳолда, буларнинг акси, яъни ён босиш, ҳамдардлик, ёрдамга интилиш каби хислатлар аёлларда 65,4 фоизни ташкил қилади. Тадбиркор аёллар кўпинча вазиятга, муҳит, ташқи омиллар таъсирига қараб фаолият юритишга интилади, уларда кенг ривожланган ички интуиция, ҳис-туйғуга берилиши флюктацион ҳатти-ҳаракатларни келтириб чиқаради. Аммо аксарият тадбиркор аёллар ўз мақсадига етиш учун режали, дадил ҳаракат қилиши мумкин. Уларнинг айримлари дадилликда, қатъиятликда эркаклардан қолишмайди. Т.В.Бендаснинг хулосаларига кўра, эркак-лидерларда доминантлик, тажовуз, ўзига қатъий ишонч, эгоцентризм, куч ишлатиш орқали ҳокимликка интилиш учраса, аёл-лидерларга мусобақада ва жамоа бўлиб ишлашга қаратилган мулоқотга интилиш, альтуризм, экстравертив ҳатти-ҳаракатлар хос.

Аёллар тадбиркорлиги дадиллик, талабчанлик, масъулиятлилик, қувлик, таваккалчилик, зарур қарор қабул қила олиш журъати, устомонлик каби тез ва ўз ўрнида амалга ошириладиган ҳатти-ҳаракатларсиз бўлиши мумкин эмас.

Аёллар тадбиркорлигининг юқоридаги имманент белгилари гендер муаммоларини ҳам тадқиқ этишга, мазкур белгиларни гендер тенглик-нотенглик орқали аниқлаштиришга ундайди.

3.16 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.16 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    0.00 / 0
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 1

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Маҳсуджон Асқаров 04/05, 14:09
3.5 Расул Кушербаев 12/05, 01:23
3 Саид-Абдулазиз Юсупов 13/05, 03:20
3.5 Шерзод Шерматов 17/05, 22:33
3 Нигора Умарова 18/05, 20:28
2 Олимжон Солижон ўғли 19/05, 00:28
2 Давронбек Тожиалиев 19/05, 13:31
3.5 Мақсуд Саломов 19/05, 14:52
3.5 Бахтиёр Шералиев 19/05, 14:59

Maqolaning ichida berilgan ma'lumotlar bilan birgalikda uning o'quvchi tomonidan o'qishli bo'lishi haqida ham o'ylash kerak. Har holda Blogerlar chempionati uchun taqdim etilgan materiallarda bu narsani hisobga olish shart!

2 Тўлқин Юсупов 19/05, 17:49
3 Уйғун Ғафуров 19/05, 18:27
3 Умид Гафуров 19/05, 23:43
2.5 Мубашшир Аҳмад 20/05, 05:23
2 Музаффар Назаров 20/05, 17:50
3 Шунқор Чориев 20/05, 20:45
3 Беҳзод Қобулов 20/05, 22:59
3 Абдумалик Носиров 20/05, 23:01
3 Қаҳрамон Асланов 21/05, 10:02
3 Мансур Тангишов 21/05, 11:25
3.5 Иноят Садикова 21/05, 14:00
4 Нодир Закиров 21/05, 14:16
3.5 Адҳам Отажонов 21/05, 19:41
3.5 Ботиржон Шерматов 21/05, 21:23
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр