Амалдор Президент ва халқ ўртасидаги кўприкми, деворми?

Амалдор аслида ҳокимият билан халқ ўртасидаги воситачи бўлмоғи керак. Бу ерда ҳокимият деганда давлат идораси эмас, тизим назарда тутилмоқда. Тушунишда чалкашлик бўлмасин деган мақсадда ҳамда мамлакатимизда ислоҳот ва катта ўзгаришлар бошида Президент турганлиги боис сарлавҳани юқоридагидек қўйдим.

Амалдор, у вазир бўладими, давлат ҳокимияти ёки бошқарув органи раҳбари бўладими, қатъий назар, Президентнинг фармону қарорларини вақтида бажариши, ўз ваколати доирасида ушбу ҳужжатларда белгиланган нормалар аҳолининг барча қатламларигача етиб боришини таъминлаши, лозим бўлганда жамият манфаатларини ҳимоя қилиб чиқиши керак. Яъни амалдор Президент ва халқ ўртасида воситачи, кўприк вазифасини бажариша лозим. Бизда-чи?

Афсуски, бизнинг амалдор ўзгача, у кўп ҳолларда кўприк эмас, девор вазифасини бажармоқда десак, унча ҳам хато бўлмаса керак. Қонун ҳамда қарору фармонларнинг тафти пастга тушгунча анча пасаяди, ўртадаги “девор” улар ҳароратининг бир қисмини ушлаб қолади. Натижада, янгиликларнинг ҳақиқий мазмун-моҳияти аҳолининг барча қатламларига етиб бормайди, ҳужжатларда белгиланганларнинг катта қисми қоғозда қолиб кетади, оддий одамлар ўзгаришларни телевизорда кўриб, “улар қачон бизгача етиб келади” деб, кутиб ўтираверади. Гап қуриқ бўлмаслиги учун қатор мисолларга мурожаат қилайлик.

Барча вилоят, туман ва шаҳарларда Халқ қабулхоналари очилди. Улар аввалиданоқ маҳаллий ҳокимият тизимидан мустақил, уларнинг ходимлари Президент девони ходимлари ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Шунга қарамасдан оддий фуқаро ўзининг қонуний талабини қондиролмасдан, мурожаатига ўз вақтида жавоб ололмасдан, тўғридан-тўўғри Президентга, оммавий ахборот воситаларига, ҳуқуқ посбонларига ўз дардини тўкиб сочмоқда.

Ёки маҳаллий ҳокимият органларига иши тушганлар оддий бир ҳужжат олиш учун ҳам қанча вақт, куч ва асаб сарфлашга мажбур. Чунки давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг аниқ бир иш регламенти йўқ. Улар фаолиятига баҳо беришнинг аниқ механизми ҳам мавжуд эмас. Амалдор ўзини фуқаро олдида, халқ олдида ҳисоботдор деб ҳисобламайди. 2017 йилнинг 8 сентябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида қайд этилганидек, “ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг етарли даражада очиқ ва шаффоф эмаслиги, жамоатчилик назоратининг кучсиз механизмлари ҳаддан ташқари бюрократияга ва коррупциянинг турли кўринишларига олиб келмоқда”.

Самарқандда қурилиш бизнеси жуда авжига чиққан. Касби кори қандай бўлишига қарамасдан маблағи борлар кўп қаватли иморатлар қуриш билан банд. Майли қуришсин. Аммо қизиғи, аниқроғи ачинарлиси шуки, айрим қурувчилар бир неча кун ичида, айримлар эса ойлар ва ҳатто йиллар давомида керакли ҳужжатларини расмийлаштира олишмайди. Ҳеч ким бу ерда қандай мезон асосий эканлигини билмайди. Аслида биладиганлар бор, аммо бу ҳақда очиқ айтишмайди. Шу сабабли шаҳарда қонун талабларини инобатга олмасдан, ҳужжатсиз қурилаётган бинолар бир неча юзтага боради деган гап юрибди. Айни пайтда бу ҳолни текшириш учун комиссия ишламоқда.

Вилоят марказидаги Озод Шарқ кўчасида кўп қаватли уй шундайгина болалар боғчасининг биқинида қурилмоқда. Шаҳарсозлик норма ва қоидалари (ШНК)га кўра бу икки объект орасидаги масофа камида 25-30 метр бўлиши керак. Бу ҳақда мақола ёзиб чиққанимдан сўнг, шаҳар ҳокимлиги ва прокуратура текшириб кўрса, қурилиш ҳоким қарорисиз амалга оширилаётган экан. Лекин тадбиркор бошқа ҳужжатларни олган, жумладан шаҳарсозлик кенгаши хулосасини ҳам. Қандай қилиб? Ушбу кенгашда 20дан ортиқ турли соҳа мутахассислари ўтиради-ю, улар ШНК талаби бузилаётганлигини кўрмайдими? Ёки бу ерда ҳам бошқа мезон борми?

Шу кунларда ижтимоий тармоқ ва айрим сайтлар Самарқандда XIX аср охири ва XX аср боларида қурилган бинолар бузилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқатди. Ана шундай бинолар жойлашган Пушкин ва Мироншоҳ кўчаларига бориб, вазият билан танишдим. Моддий маданий мерос объектлари кадастридан ўрин олган Пушкин кўчаси 3-уй манзилидаги бинонинг ёнгинасида кўп қаватли турар жой қурилиши бошланган. У ерда қазилган чуқур, оғир техниканинг ишлаши тарихий объектга зарар етказмоқда. Бу ерда яшаётганларинг сўзларига қараганда, бинонинг айрим жойларига дарз кетган, унда яшаш хавфли бўлиб қолган. Шов-шувли хабарлардан сўнг бу ерга келган комиссия қурилиш ишларини тўхтатишга кўрсатма берган. Лекин катта маблағ сарфлаб, иш бошлаганлар бу кўрсатмани бажаришадими? Уларнинг маҳаллий раҳбарларга таъсир ўтказишга қодир “акахони” топилмаслигига ким кафолат беради?

Мамлакатимизда янги ва замонавий болалар боғчаларини қуришга бўлган эътибордан ҳамма хабардор. Аммо боғча қураман деб юрган тадбиркорларга вақтида ер ажратиш масаласи асоссиз пайсалга солиб келинмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғига кўра вилоят бўйича 233 та нодавлат ва давлат-шериклик асосида ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасаларига ер ва бино ажратиш бўйича туман ва шаҳар ҳокимларининг тегишли қарорларини бир ой муддатда қабул қилиш лозимлиги белгиланган эди. Аммо ҳалигача 82 та мактабгача таълим муассасаси учун ҳокимлар қарори қабул қилинмаган. Худди улар ниманидир кутаётгандек...

“Сирли мезон”қоидасига бўйсунмаганлар ойу йиллар сарсон бўлишига қарамасдан, бунга ҳеч ким жавоб бермайди.

Кейинги пайтда “Ўзбекистон-24” телеканали орқали Тошкентдаги маҳаллалардаги айрим хонадонларнинг аҳволини кўриб, ҳайрон бўлдим. Наҳотки, шаҳри азимда шундай абгор аҳволда яшаётганлар бўлса?! Демак, йиллар давомида бу жойларга мутасаддиларнинг қадами етмаган, одамлар ўз дарди билан мурожаат этганда, уларга ҳеч ким қулоқ солмаган. Амалдорлар ура-урачилик, тепага рапорт бериш билан кунларини ўтказишган.

Амалдор Президент ва халқ ўртасида девор эмас, ҳақиқий кўприк, бир занжирнинг муҳим бўғини бўлиш учун нима қилмоқ керак? Бу йўналишда қатор ишларни амалга оириш талаб этилади. Биринчи навбатда ҳар бир амалдор қабул қилаётган қарорлари натижаси учун ёки ҳаракатсизлиги учун жавобгар эканлигини англаши зарур.

Ҳокимиятнинг турли бўғинидагиларни ўз хизмат вазифаси доирасида ишлатиш ва бажарадиган иши талаб даражасида бўлишига эришмоқ керак. Ҳозирга вақтда ҳокимлик ходимлари кўпроқ хўжалик ишлари билан банд. Кўча тозалаш, меҳмонлар кутиш ва уларни кузатиш, мажлислар ташкил этиш кабилар шулар жумласига киради. Айниқса, Самарқанддек меҳмон кўп келадиган, йирик тадбирлар ўтказиладиган шаҳарда меҳмонларга хизмат қиладиган алоҳида бўлим ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Шунда ҳоким ва унинг ўринбосарлари жойида ўтириб, ўз вазифасини бажаришга, аҳолини қабул қилишга, керакли ҳужжатларга вақтида жавоб беришга имкон пайдо қилади.

Давлат идораларининг қарор қабул қилиш функциясини камайтириб бориш, жамотчилик назоратини кучайтириш, бошқарув органлариниг турли бўғинларида жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш амалдорларнинг қонун доирасида ишлашга ундовчи омиллардан бўлиши мумкин.

Амалдор ҳам одам. Шундай эмасми? Айрим пайтларда уларни иш жараёнида кўриб, ҳайрон бўламан. Бундай иш режимига қандай чидаётган экан, деб ўйлайман. Аниқ иш соати белгиланмаган, дам олишсиз, байрам кунларисиз, расмий маоши унча ҳам катта бўлмаган шароитда ишлаш анча оғир бўлса керак? Лекин улар ана шундай шароитда, аниқроғи, ҳеч қандай шароит йўқлигида фаолият юргизмоқда.

Мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар албатта биз сўз юритаётган йўналишни ҳам қамраб олади ва “бизнинг” амалдор ҳам ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, одамларимизнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлади деб умид қилиб қоламиз.

4.43 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.43 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.57 / 8
  • Муштарийлар баҳоси
    4.52 / 11

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Расул Кушербаев 11/06, 10:20
4 Маҳсуджон Асқаров 11/06, 15:00
4.5 Бахтиёр Шералиев 11/06, 15:18

Finalga bergan materialingiz yarim finaldagidan ancha yaxshi chiqibdi, bundan xursandman. Tahlil va keltirilgan misollar holatni tasavvur qilish uchun yetarli. 0,5 ball kam qo'yayotganimning sababi ko'p joyga o'zim borib ko'rdim degansiz, demak rasmlar bo'lishi kerak edi. Keyingi gal bunday mavzularni rasmlar bilan yoritsangiz maqolaning o'qimishliligi yanada oshgan bo'lar edi. Omad tilayman!

4 Олимжон Солижон ўғли 11/06, 15:26

Қамров жуда катта. Барча фикрлар жўяли. Лекин ўзингиз таъкидлагандай, токи хокимларни халқ сайламас экан, улардан яхши амалларни кутиш ноўрин. Омад ёр бўлсин.

4 Давронбек Тожиалиев 11/06, 15:47

Яхши мавзуни кўтаргансиз. Лекин унинг баёни замонавий ўқувчилар учун бироз зерикарли.

5 Адҳам Отажонов 11/06, 18:42

Мен, бошқачароқ, хулоса кутгандим...

5 Уйғун Ғафуров 11/06, 19:00

Фақат амалдорлик эмас, фидоий ватанпарварлик зарурлигини қўшиб қўйилса яхши бўларди

3.5 Қаҳрамон Асланов 11/06, 19:46

Яхши муаммо кўтарилган. Лекин бу блогерлар чемпионатининг финалида курашадиган блогпост эмас.

4.5 Мубашшир Аҳмад 12/06, 05:16

Муаммо аниқ ва катта. Ечимлар ҳам берилган. Аммо муаммо катталигидек катта ечимлар бўлмаган.

4 Нодир Закиров 12/06, 09:36

Тошпўлат ака, тинимсиз кўрсатаётган ижтимоий фаоллигингиз ва Самарқанддаги маҳаллий муаммоларни ёритиб келаётганингиз учун раҳмат. Мавзу ва сарлавҳа ўртасидаги боғлиқликни чуқурроқ кўрсатиш учун кўпроқ тўсқинлик (яъни "деворга") алоқадор мисоллар келтирсангиз мақола янада таъсирчан бўлар эди.

4.5 Абдумалик Носиров 12/06, 09:43

Ер бизда хусусий мулк сифатида сотилмас экан қурилиш боғлиқ бундай муаммолар давом этаверади. Чунки сохага оид қонун хужжатлар орасида бир бирини инкор қилувчи хужжатларни хам топса бўлади. Бунинг учун яхши хуқуқшунос бўлса бўлди. Автор яхши ечим таклиф қилган "Давлат идораларининг қарор қабул қилиш функциясини камайтириб бориш, жамотчилик назоратини кучайтириш, бошқарув органлариниг турли бўғинларида жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш амалдорларнинг қонун доирасида ишлашга ундовчи омиллардан бўлиши мумкин." деб. Давлат идораларининг қарор қабул қилиш функциясини камайтириб боришни биринчи навбатда Олий Мажлис депутатлари ташаббус билан олиб чиқишлари лозим. Лекин хозирги кундаги депутатлар орасида шунга журъат қила оладигани топиладими? Йўқ. Уни ўрнига депутатларимиз умуман кераксиз бўлган ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқиш билан овора. Масалан мактаб каникулларини ёздан қишга кўчириш масаласи.

4.5 Ботиржон Шерматов 12/06, 14:02

Ёзиш услуби яхши, битта имловий хато мавжуд, ижтимоий ахамияти жуда катта, ечим ва тахлил мавжуд. Кандайдир умумий гаплар купайиб кетган. Мавзу оригинал эмас. Муаллиф аввалги боскичларда бундан яхширок маколалар ёзган эди. Тугрироги жонлирок маколалар.

5 Нигора Умарова 12/06, 15:22

Мақола муаллифи "Аслида амалдор ҳокимият тизими ва халқ ўртасида бир халқа, кўприк бўлиши керак эмасми? Нега бизда амалдорлар алоҳида имтиёзли қатламга айланган?" деган саволларга жавоб топишда турли даллиларга асосланган бўлса, мақола хотимасида эса, "Амалдор ҳам одам. Шундай эмасми? Айрим пайтларда уларни иш жараёнида кўриб, ҳайрон бўламан. Бундай иш режимига қандай чидаётган экан, деб ўйлайман. Аниқ иш соати белгиланмаган, дам олишсиз, байрам кунларисиз, расмий маоши унча ҳам катта бўлмаган шароитда ишлаш анча оғир бўлса керак? Лекин улар ана шундай шароитда, аниқроғи, ҳеч қандай шароит йўқлигида фаолият юргизмоқда",-деб ўз фикрига ўзи қарши борган. Мақола муаллифнинг кузатувлари асосида ёритилган.

4 Беҳзод Қобулов 12/06, 20:05

Кунда-кунора шу каби фикрларни ижтимоий тармоқларда, бошқа нашрларда ўқиб турибмиз. Муаллиф ўзининг эски қайроқи услубида фактларни бойитиб, янги мулоҳазалар билан сўз айтганда нур алан нур бўларди.

4 Умид Гафуров 12/06, 21:53

Яхши мавзу танланган, аммо охирида амалдорларга ён босилган. Менимча блогер бир муаммони кўтардими, уни охиригача олиб бориши ва юмшатишга ҳаракат қилмаслиги керак. Охиридаги гапларга ҳам кўшиламан, аммо бунинг ўзини яна бир улкан муаммо сифатида ёзиш керак эди назаримда. Амалдорга ён босиш сифатида эмас.

4 Мансур Тангишов 13/06, 00:32

Dolzarb masalalardan biri ko‘tarilibdi. Biroq fikrlar umumiy, tahlil va taklifga kamroq e'tibor berilgan. Lekin yozish uslubi va misollar yaxshi qo‘llanilgan.

5 Музаффар Назаров 13/06, 00:33
4 Тўлқин Юсупов 13/06, 01:18

Millat qanday bo‘lsa, unga keladigan boshliq shunga yarasha bo‘ladi.

5 Шерзод Шерматов 13/06, 01:53
5 Саид-Абдулазиз Юсупов 13/06, 02:10
4 Мақсуд Саломов 13/06, 02:31
4.5 Иноят Садикова 13/06, 06:55

Blogpost uchun rahmat. Misollarni "bullet points" shaklida, yoki raqamlab, qisqaroq yozish mumkin edi. Takliflar ham shu kabi tartiblashtirilishi mn edi. Berilgan takliflar orasida misollar yetishmagan. Masalan, amaldagi namunaviy jamoatchilik kengashlari faoliyatlari aytib o'tilishi mn edi.

5 Шунқор Чориев 13/06, 11:57
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр