Сурхайлни кўрдим

Баҳорнинг ўрталари. Бугун ҳам менга доим ҳамроҳ бўладиган йўллардан “Пахтакор” стадиони бўйлаб кетаяпман. Ён-атроф тақдирнинг ҳукмидан чиқмайдиган асир ва асиралари билан гавжум. Кўчалар бўйлаб кезиб юрган шунча хаёллар, умидлар, орзулар, истаклар ҳам сершовқин шаҳарда инсонлар билан бирга ҳаёт кечиряпти.

Бугун ҳам ҳаво илиқ. Уйга етиб олишим учун яна бир оз йўл юришим керак. Атрофдаги гўзаллик менга керак бўлган ўша “бир оз”ни унутишимга ёрдам беради. Қуёш ҳар саҳар кўзини ёшлайдиган майсаларни овутиш билан ҳалиям банд. Қушлар барглар шивиридан тўқиган достонларини завқ билан бир-бирларига ўқиб беришдан чарчашмаяпти. Улар орасида булбул ҳам, зоғ ҳам, мусича ҳам, чумчуқ ҳам бор. Дарахтлар эса табиат дўконидан зангори рангдаги либосларни сотиб олишмоқда. Капалаклар эса бир кунлик умрларини қандай ўтказмоқчи эканликларини гулларга сўзлаб беришяпти. Табиатдан анқиб турган ана шундай нафислик бутун вужудингизни қамраб олиб, ихтиёрингизни сизни манзилингизга элтишни мақсад қилиб олган қадамларингизга беради.

Фақатгина бир неча қадамлардан сўнг тўрт фаслда ҳам икки баҳайбат шохлари қуриган ҳолда мунғайиб тургувчи дарахтга дуч келаман. У менга табиатнинг ана шундай гўзал юзига қўйилган беўхшов холдек туюлаверади. Унга ҳар сафар дуч келганимда кўнглимда аллақандай ғашлик пайдо бўлади.

Ана, кўча четида елкаларига миниб олган ташвишни кўтаролмай қаддини букиб юргувчи ўша икки кампир. Уларнинг юзларидаги тармоқлаб кетган ажинларига ҳаётнинг сиғдириб ёзаётган мактубларини бемалол ўқишингиз мумкин. Одатдагидай, олдиларидаги кичкина қўлбола пештахта устида турли хил тамакилар саф тортган. Одатдагидай кампирлар жағларига дам беришмайди, ўзаро ё ғийбат, ё суҳбат. Одатдагидай мен ҳам уларнинг олдидан ўтиб кетяпман. Аммо тўсатдан ҳар қандай нарсани эшитишга маҳкум этилган, ихтиёри ўзида бўлмаган қулоқларимга уларнинг гаплари чалиниб қолди:

– Ўргилай, бугуни билан дуо қилиб чиқиш эсингиздан чиқмасин-а?! Эртага ҳал қилувчи ўйин эмиш.

– Ҳа-я, илоҳим бу ўйинда ҳам, ишқилиб, бизнинг Ўзбекистон ютқазсин-да.

Ушбу гаплар давомли хаёлларимга зарб билан қўйилган нуқта бўлди. Қиз бола бўлсам-да футболга болалигимдан иштиёқим баланд бўлиб, ҳар бир ўзбек фарзанди каби Ўзбекистон терма жамоасини рақиб давлатлар олдида боши эгик ҳолда кўришга тоқат қилолмайман. Кампирлардан бир оз ўтиб таққа тўхтадим. Мени дуоибад қилишаётгандек ларзага тушдим. Калламда чарх ураётган “Ахир нима учун? Нега?” деган саволлар мени кампирлар олдига қайтарди.

Ҳайратга қорилган ҳижолатомуз оҳангда гап бошладим:

– Кечирасиз, ўтиб кетаётиб бехосдан гапларингизни эшитиб қолдим. Нима учун Ўзбекистоннинг мағлуб бўлишини астойидил истаяпсизлар?

Улар бир-бири билан кўз уриштириб, ҳайратомуз нигоҳларини оёғимдан бошимгача югуртириб чиқишди. Ифодасизлик акс этган юзлари бир муддат сукутда қотиб қолди. Сўнгра деярли ҳар куни шу йўлдан ўтувчи таниш қиз эканлигимни инобатга олишди чоғи, саволимни қизиққонликка йўйиб, лабларининг тепасини кўсаларникидек сийрак тук қоплагани тушунтира бошлади.

– Э, сан ниманиям тушунардинг. Ахир Ўзбекистон билан бўладиган ўйинларда неча минглаб одамлар бу стадионга келишини биласанми? Агар футболда бизаникилар ютқизса ўша минглаб одамлар сиқилади, асабийлашадими? Ана шунда бизнинг сигареталаримизни тинмасдан сотиволишади. Қарабсанки, уларнинг асабийлашуви жарақ-жарақ пулга айланади-қолади, – деди-ю ҳар иккаласи қўл ташлашиб, қаҳ-қаҳ уришди. Шу вақт қаршимда Алпомишни зиндонга ташлаганидан мамнунлик билан иржаяётган Сурхайл кампирнинг икки сиймоси намоён бўлди. Ҳа, мен Сурхайлни кўрдим! Уларни бошқа ҳеч кимга менгзаёлмайман.

Тирикчилик-да, дейсизми? Йўқ, бундай дуолар қилиб тебратилган тирикчиликка лаънатлар бўлсин! Ахир бу Ўзбекистон дегани, Сиз дегани, Мен дегани, Биз дегани эмасми?! Ўшанда доим эшитишга, ўқишга одатланганимиз “Юрт шаъни” деган тушунчани илк бор ғазабдан титраётган бутун қалбим, бутун вужудим билан ҳис қилдим.

Йўлда давом этар эканман, кўзим фақат кампирларнинг гапларини эшитиб, бундай фожеа учун аъзадорлик либосини кийган табиатнинг қора рангини кўрарди. Мен эса юрагимга санчилган ўша пичоқ зарбининг оғриғига базўр дош берганча уйга етиб келдим.

Бир оз дам олиб, ўзимга келиб олдим. Лекин эртага... эртага яна ўша на гуллайдиган, на барглайдиган, на мева берадиган ўша иккита қуриган баҳайбат шохлик дарахтга дуч келишимни ўйлаб кўнглим ғашланди.

3.58 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.58 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.18 / 7
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 9

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Дилшод Ниёзметов 28/04/2018
5 Jamshid Jo’rayev 29/04/2018
5 Иброҳим Азиз 29/04/2018
5 Нозим Ашуралиев 30/04/2018
5 Мухтабар Нусратова 02/05/2018
5 Davron Mansurov 03/05/2018
4 G'ayrat Norqobil 19/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр