Саждадан кир қидирманг

Ислом - тинчлик, оқибат ва адолат дини. Шу жумладан спорт ҳам тинчлик, дўстлик, иттифоқлик рамзи сифатида одамларни ҳамиша эзгуликка, бирдамликка ундаб келади. Агар бу икки жиҳат бир бўлса комилликка, дўстона муносабатларга эришишда йўлларнинг янада равон, янада ёрқин бўлишига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Спорт турлари ичида айниқса футбол бутун дунёда миллионлаб балки миллиардлаб инсонларни жозибаси ила ўзига мафтун этгани айни ҳақиқатдир. Машҳур футбол юлдузларининг ҳар бир ўйини, ҳар бир қадами муҳлислар ва журналистларнинг диққат марказида. Булар орасида эса мусулмон кейинчалик Ислом динини қабул қилган машҳур футболчилар ажралиб туради. Уларнинг кўрсатаётган ўйинлари билан бир қаторда майдонда ва майдон ташқарисидаги ҳатти-ҳаракатлари, қарашлари, фикрлари бошқаларга нисбатан энг кўп баҳс-мунозарага, қизиқишларга сабаб бўлади. Айниқса уларнинг майдонга тушиб келишидан аввал қўлларини дуога очиб тургани, гол ургандан кейин сажда қилиб нишонлашлари эса алоҳида кадрлар билан муҳрланади. Гранд клубларда тўп сурадиган машҳур мусулмон футболчилар нафақат ўйинлари балки Ислом дини вакиллари бўлгани учун ҳам сўнггида юксак ҳурмат ва эътиборга сазовор бўладилар. Гарчи Роналду, Месси даражасидаги ўйинчи бўлолмаслиги мумкиндир аммо уларнинг эътиқоди, фикрлари, қарашлари бу икки " ўзга сайёралик " дан асло кам эмас. Машҳур мусулмон футболчилар ҳақида гап кетганда кўз олдимизга Зениддин Зидан, Месут Ўзил, Карим Бензема, Сами Ҳедира, Самир Насири, Муҳаммад Салоҳ, Миралим Пянич, Шкодран Мустафи, Жердан Шакири, Яя Туре, Аднан Янузай кейинчалик Ислом динини қабул қилган Франк Рибери, Николя Анелька, Тьерри Анрилар келади. Аввалари бу гранд клубларнинг раҳбари, мураббийи ва муҳлислари томонидан мусулмон футболчиларга нисбатан ибодат, рўза, ҳаж амаллари вақтининг ўйинлар, машғулотлар вақтига таъсирини ўйлаб қандайдир қарама-қарши фикрлар, босимлар бўлганми, йўқми аниқ билмайман. Аммо бугунги кунда

" Ливерпул " муҳлисларининг Мисрлик Муҳаммад Салоҳга билдираётган муҳаббатлари, муносабатларидан келиб чиқиб футбол оламида у қандай клуб бўлишидан қатъий назар мусулмон футболчиларнинг ўз ўрни борлигини ҳис қилиш қандай ёқимли. Бу футболчиларнинг билдираётган фикрлари ҳам одамни тўлқинлантириб юборади. Уларга янада ҳурматини оширади.

Мисол учун " Реал Мадрид " нинг " Барселона " га қарши учрашувларининг бирида Ўзил ва Давид Виля ўртасида келишмовчилик келиб чиққан эди. Беллашувдан кейин ОАВ ҳодимларининг саволларига жавоб қайтарган Месут жанжал чиқишининг сабабини қуйидагича изоҳлаганди : " Мен динимни ҳимоя қилдим ". Ёки " Ньюкасл " га келган пайтлари ўйини қовушмаган ва унга нисбатан норози фикр билдирганларга Демба Ба ҳам шундай фикрлар билдирган эди :

" Менинг ўйинимдан қониқмаётган барча мураббийларга қарата бир нарсани қатъий айтаман - мен ибодат қилишда давом этавераман. Агар сизларга менинг ўйиним ёқгудек бўлса, унда майдонга тушишда давом этаман. Агар манашуни акси бўладиган бўлса унда мени заҳирада қолдираверинглар ". Шунчаки ибрат бўладиган бундай гапларга ортиқча изоҳ шарт эмас назаримда.

Шу каби фикрлар билдирган, майдонда қўлини дуога очиб турган, голини сажда қилиб нишонлаётган футболчилардан гарчи ҳамюртинг бўлмасада беиҳтиёр фахрланиб кетасан киши. Аввало бир дин вакили бўлганинг учун.

Уларнинг сўзларидан, ҳатти-ҳаракатларидан тирноқдан кир қидиргандек нотўғри ҳулосалар чиқариб уни сиёсатга буриш эса яхши эмас.

Футбол аввало сиёсат эмас майдон ўйини эканлигини, у муҳлислар учун ўйналишини кўплаб чет эл ОАВ ҳам бора-бора англаб етдилар. Ислом динини ниқоб қилган террорчиларнинг бузғунчилигига ана шу ифлосларнинг ўзи жавоб беришини, бунинг учун унга умуман алоқаси йўқ мусулмонлар қораланиб, босимда қолмаслиги кераклигини аллақачон тушунишди. Айниқса футбол матбуоти. Ҳа чет эл ОАВ бу борада ҳам биздан олдинлаб кетди.

Бизнинг клубларимизда тўп сурадиган футболчиларнинг асосий қисми ҳам Ислом динига эътиқод қилишади. Улар ҳам майдонга дуо қилиб тушишади. Буни эса асосан стадионга ташриф буюрган муҳлислар кўришади, айримлари урган голини сажда қилиб нишонлайди буни ҳам асосан стадиондаги муҳлислар тўлиқ гувоҳи бўлишади. Лекин телевизорда бундай ҳолатларни ( албатта ўзимизнинг футболда ) қисқа сонияларда тасодифан кўриб қолмасак бошқа вазиятарда унча кўрмаймиз. Нега бизда дуо қилаётган, сажда қилаётган футболчилардан камерани тезлик билан олиб қочиб бошқа кадрларга ўтиб кетишади. Нега бундай вазиятларда операторлар шошиб, саросимага тушиб қолишади. Шунчалик қўрқинчли, ваҳималими дуо, сажда қилаётган футболчи. Бўлмаса таъқиқланганми бундай вазиятларни кўрсатиш. Билмадим. Билмадим. Бизда минг шукр виждон эркинлиги бор. Балки бу ички цензурамикин... яна билмадим.

Хитойда бўлиб ўтган 23-ёшлилар ўртасидаги Осиё Чемпионатида ярим финалда Кореяга қарши баҳсда гол урган ҳамюртимиз Забиҳулло Ўринбоев голини сажда қилиб нишонлаганда унга янада ҳурматим ошган эди. Ички чемпионатимизда ҳам бормикан шундай ўйинчилар дердим аввал унча кўрмаган, билмаганим учун. Лекин яқинда гувоҳи бўлдим, қисқа сонияларда бўлса-да кўрдим. Суперлига ўйинларининг 2-туридан ўрин олган АГМК - Навбаҳор баҳсида " лочинлар " дан гол урган Азизбек Турғунбоев ҳам голини Забиҳулло сингари сажда қилиб нишонлади. Аммо тасвирлар шу даражада тез алмашдики наҳот операторлар " хато " қилиб қўйган бўлса, энди улар ишдан кетмасмикан деган ҳаёлга ҳам бордим. Қойил.

Нега бизда футболчиларнинг кичик байрамини бундай нишонлашини тўлиқ кўрсатиб беришмайди. Нега дуо қилиб турган Одил Аҳмедовни ўша ҳолатини жонли эфирда эмас кўпроқ интернетда кўрамиз. Ҳар ҳолда Аҳмедов мени бу ҳолатимни телевизорда кўрсатманглар, деб тайинлаб қўймаса керак.

Азизбек Турғунбоевнинг ўша саждасидан кейин ижтимоий тармоқларда " Энди бу бола билан тушунтириш ишлари олиб борилса керак ", " Уни кўрсатган оператор ишдан ҳайдалади-йов ", " Футболчи ишсиз қолмаса эди ", мазмундаги фикрларни ўқиб қандай замонда яшаяпмиз ахир эй , дўстлар дегим келди. Бу ерда нима бўлди, ҳеч нарса. Бири нишонлади, бири кўрсатиб қўйди. Бори шу.

Майдонда кичик Исломий амалларни бажаргани учун бу ҳаракатларидан бир нималар аҳтариб, уни сиёсатга боғлаш, қанақадир мумкинмасликларга буриш мантиқсизликдан бошқаси эмас.

Араб футболчиларининг ҳам дуо қилиб майдонга тушганини, голини сажда қилиб нишонлашини кўп кўрганмиз. Бу нарса уларга ҳам, бизга ҳам оддий ҳолдек туюлади. Бемалол кўрсатишади. Энди ўзбек футболчилари ҳам шундай қилса нега уни ҳазм қилишимиз қийин туюлади. Нега камераларимиз қочиши керак. Ахир араблар ҳам мусулмон, Муҳаммад Салоҳ, Бензема ҳам ва Алҳамдиллилоҳ биз ҳам мусулмонлармиз. Буни нимаси ёмон тушунмайман. Нега энди майдонда сажда қилган ўзбек футболсини қаергадир чақиртириб, тушунтириш олади деган фикрларга боришимиз керак.

Бу ахир футбол у фақат муҳлислар учун ўйналади, бу ҳаракатлар футболчининг шаҳсий иши, унинг эътиқоди. Бу иккисига ҳам сиёсат тарафдан эмас, оддий муҳлис сифатида ва иймонли инсон сифатида қараш энг тўғри йўл бўлса керак назаримда.

Ислом дини тинчлик, оқибат, эзгулик, одамларга яхшиликни улашгувчи диндир. Фақат бу динни ниқоб қилиб ўзининг қора ишларини амалга ошираётган шахслар туфайли қолган мусулмонлар ҳам, динимиз ҳам қора бўлиб қолмаслиги керак. Бунинг учун тўғри фикр юритиб, ҳар нарсадан айб аҳтаравериш ҳам бўлмайди. Сўнгги сўз ўрнида демоқчи бўлганим қалб ва фикр тозалигига қаттиқ аҳамият берайлик. Ҳадеб тирноқдан ҳам, саждадан ҳам кир қидирадиган пайтлар ўтиб кетди ахир.

3.69 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.69 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.15 / 2
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 5

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Олимжон Солижон ўғли 05/05/2018
4 Расул Кушербаев 12/05/2018
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 16/05/2018
3.5 Қаҳрамон Асланов 17/05/2018
4 Шерзод Шерматов 17/05/2018
5 Бахтиёр Шералиев 18/05/2018

Futbolga umuman qiziqmasam ham lekin blogpostda tilga olingan holat shaxsan menga juda ham ma'qul. Ayni holatga keladigan bo'lsak bu ichki senzura emas, balki bizning 26 yillik o'tmishimizdir, undan oldingiz 70 yillik qora o'tmishimizdir! Biz hali hamon o'sha o'tmish bilan yashayotganimizdan dalolatdir!

3.5 Давронбек Тожиалиев 18/05/2018
4 Нигора Умарова 18/05/2018
5 Маҳсуджон Асқаров 18/05/2018
4 Мақсуд Саломов 19/05/2018
3 Тўлқин Юсупов 19/05/2018
4.5 Уйғун Ғафуров 19/05/2018

Аслида дунёда энг кўп қўлини дуога очиб, Яратгандан илтижо қиладиган халқ - бизнинг халқимиз.

4.5 Мубашшир Аҳмад 19/05/2018
4 Умид Гафуров 20/05/2018
4 Беҳзод Қобулов 20/05/2018

Ҳадеб тирноқдан ҳам, саждадан ҳам кир қидирадиган пайтлар ўтиб кетди ахир...

3.5 Музаффар Назаров 20/05/2018
4 Шунқор Чориев 20/05/2018
2 Абдумалик Носиров 20/05/2018
4 Мансур Тангишов 21/05/2018
5 Иноят Садикова 21/05/2018
4.5 Нодир Закиров 21/05/2018
5 Адҳам Отажонов 21/05/2018
5 Ботиржон Шерматов 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
3 та фикр