Ишга қабул қилишдаги нотенгликлар

Шу пайтгача минглаб мақолалар ўқибман-у, ўзим бирорта мақола ёзиш ҳақида ўйлаб кўрмабман. Блогерлар чемпионатига Адлия вазирлигининг эътибор қаратгани ёзишимга туртки бўлди. Миямда фикрлар алғов-далғов ҳолатда, уларни бир қолипга солиб чиройли қилиб ёзгунча чемпионат тугаб қолиши мумкин. Чемпионатга ёзишдан мақсад эса мақола кўпчилик эътиборига етиб бориши ва уларни фикрини билишдан иборатдир.

Олдиндан айтиб қўяй, мақоладаги барча ҳолатларда ўзим айбдорман ва бу мақола шикоят мазмунида эмас. Ҳаётимдаги бўлган воқеалардан, айнан ҳуқуқларим бузилган ҳолатлардан энг асосийлари ва алам қилганларига мисоллар келтираман ҳамда ўз таклифларимни бераман.

Бундан олти йил олдин диплом ишимни яхши баҳоларга топшириб университетни тугатаётганимда “Олий таълим муассасаси битирувчисининг иш билан бандлигини ўрганиш далолатномаси”ни тўлдириб, ишга кирган ташкилотингдан мухр бостириб келмасанг, (албатта қонунга зид равишда) дипломингни бермаймиз дейишган. Бу далолатномага менга ўхшаб мухр урдиролмаганлар кўп бўлса керак. Аслида бу далолатнома битирувчи қўлига диплом олиб, бирор ишга жойлашиб кетгандан кейин (таҳминан ноябрь ойларида) ҳар бир олий таълим муассасасида махсус ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан битирувчиларнинг яшаш жойларига (хизмат сафарлари харажатлари тўланиб) ташриф буюрган ҳолда тўлдирилиши керак. Улар эса ўзларига юклатилган вазифани ортиқча қийинчиликларсиз, анча олдинроқ, энг ачинарлиси нореал рақамлар билан амалга оширадилар. Бу рақамлар кейинги йиллардаги квотани шакллантиришда асос бўлади, бу эса ўз навбатида меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни номутаносиблигига олиб келади...

Мен уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига қарши ҳеч нарса қила олмадим. Барибир диплом берилмади. Университет, битирувчи ва ташкилот ўртасида тузилган уч томонлама шартномада кўрсатилган ташкилотга, яъни ўзим яшаётган шаҳардаги тижорат банкига университетнинг тақсимот комиссияси томонидан ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Банкда 2-3 та вакант ўринлар бўлишига қарамасдан банк раҳбари ва ўринбосари ҳозирги кунда бўш жой йўқлигини такрорлашди. Чунки мен улар учун бегона эдим. Мен тақдим қилган шартнома нусхаси ва йўлланмага қараб ҳайиқиб туришди, бир-бирига шивирлаб гаплашишди. Ўз ҳуқуқларимни талаб қилиб юқори ташкилотларга мурожаат қилмаслигимдан умид қилишди. Улар ўйлаганча бўлди, мен яна ҳеч нарса қила олмадим. Юқори ташкилотларга арз қилиб, мақсадимга эришиб, улар учун “ёзувчи” бўлиб ишлашни ва доим таъқибда бўлишни лозим топмадим.

Кейин ҳам ишга жойлашишда кўп қийинчиликларга дуч келдим. Мутахассислигимга таалуқли бўлмаган ишда ишлашга мажбур бўлдим ва ўша номинг ўчгур далолатномани тўлдириб дипломимни олдим. Шундан сўнг ўз соҳамда ишлаб тажриба тўпладим. Қизиқишларимдан келиб чиқиб яна иш излашни бошладим. Албатта билимим, тажрибам ва салоҳиятим етарли ташкилотларга мурожаат қилдим. Афсуски, бир неча марта ишга қабул қилишдаги нотенгликлар (асосан непотизм) қурбони бўлдим. Бу масалани мавҳум қолдирмаслик учун мисол келтираман.

Вазирлик ва қўмиталар орасида Адлия вазирлигини ўзгача ҳурмат қилганим учун шу тизимда ишлаш истагим юқори бўлган. Вазирлик тасарруфидаги ташкилотга иш сўраб мурожаат қилдим. Кадрлар бўлими бошлиғи маълумотнома (объективка)ни олиб, бир неча марта фақат эшикдан қайтариб юборди. Ҳар сафар жавоби бир хил: телефон қилиб хабарлашиб туринг, ўзимиз ҳабар қиламиз, танлов қилиб олинади... Кутишда давом этдим. Азбаройи шу соҳага қизиққаним учун бошқа иш изламадим, таклиф қилинган ишларни ҳам рад этдим. Чунки номзодлар ўртасида танлов бўлган тақдирда ҳам ундан ўтишимга ишонардим. Лекин ҳеч қандай танловга чақиришмади, балки танлов бўлмагандир ҳам. Ташкилотга эса янги ходимлар ишга олинди. Уларга нисбатан ҳеч қандай ҳусуматим йўқ. Лекин танлов очиқ ва ошкора бўлганида унинг натижасидан ҳеч ким ранжимаган бўлар эди. Умид қиламанки, бу ташкилотда ҳали менга жой топилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйидаги таклифларимни ҳаётга татбиқ этилишини истардим.

1. Олий таълим муассасаси битирувчиларининг иш билан бандлигини мониторинг қилиш бўйича тўлдириладиган далолатномани бекор қилиш, ахборот коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда солиқ органлари маълумотлар базасига интеграцияланган махсус электрон база яратиш лозим, Бунда битирувчиларнинг шахсий СТИР рақамлари орқали қайси ташкилотда ишлаётгани (агар ишлаётган бўлса) маълум бўлади. Бунинг натижасида ортиқча қоғозбозликликка чек қўйиш, ҳаққоний маълумотлар асосда таҳлил қилиш ва хизмат сафари харажатлари тежалишига эришилади.

2. Давлат ташкилотларига иш сўраб (оғзаки) мурожаат қилинганда фақат эшикдан қайтармай, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг (янги таҳрири) 18-моддасига амал қилган ҳолда мурожаатлар давлат органлари томонидан қабул қилиниши (белгиланган шаклда қайд этилиши), кўриб чиқилиши ва ўрнатилган тартибда жавоб берилиши керак. Чунки ушбу Қонуннинг 5-моддасида “Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади” дейилган.

3. Давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунлари талабларидан келиб чиқиб фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаш, айниқса, бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни доимий янгилаб бориш, ҳужжатлар қабул қилиш ва танлов санасини аниқ кўрсатиш, битта ўринга бирдан ортиқ номзодлар ҳужжат топширган тақдирда, уларни танлов асосида ишга қабул қилишда очиқлиқ ва шаффофлик тамойилларига амал қилиш, яъни барча номзодлар билан бир вақтда ва бир хонада суҳбат ўтказиш, уларга ижодий топшириқлар бериш ва ҳоказо. Умуман олганда, ишга қабул қилиш, номзодларни саралашнинг меъёрий-ҳуқуқий асосини яратиш.

4. Ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ҳуқуқ ва эркинликларини тўла англаб етиши, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олиши учун умумий ўрта таълим мактаблари юқори синфлари ва олий таълим муассасаларида ҳар ҳафтада, ёки икки ҳафтада бир марта ҳуқуқий ахборот соатлари ўтказилиб, қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор қилиш, кўргазмали материаллар ва инфографикалар орқали уларга тушунтириш ва шархлар бериш, телевидения ва радиода ижтимоий реклама роликларини мунтазам бериб боришни ташкил қилиш.

Бу ёзганларим кўпчилик учун оддий гаплардек туюлар, балки фақат ўзимни ўйлаб ёзгандек таассурот уйғотар, ёки тарқоқ фикрларимни бир жойга келтиролмай аралаштириб ташлагандирман, лекин ўнлаб ташкилотлар эшигини тақиллатиб, мавжуд бўлган вакант жойни кўзингизга қараб туриб, "бизда бўш ўрин йўқ" деган ёлғон жавобни эшитганлар мени яхши тушунади... 

3.59 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.59 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.15 / 2
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 1

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Бахтиёр Шералиев 20/05/2018

Muammo aniq, tahlil bor, taklif bor, blogpost o'qishli chiqqan. Fikrimcha ortiqcha narsaga hojat yo'q. Yagona kamchilik muallifdagi o'ziga bo'lgan ishonchsizlikni blogpostda qayta qayta takrorlaganidir, bu o'quvchini blogpostni o'qish fikridan qaytaradi.

4 Тўлқин Юсупов 20/05/2018
4 Ботиржон Шерматов 20/05/2018
4.5 Умид Гафуров 20/05/2018
4 Мақсуд Саломов 20/05/2018
3.5 Мубашшир Аҳмад 20/05/2018
3.5 Шунқор Чориев 20/05/2018
3.5 Қаҳрамон Асланов 20/05/2018
3.5 Музаффар Назаров 20/05/2018
3 Абдумалик Носиров 20/05/2018
4 Маҳсуджон Асқаров 20/05/2018
4 Иноят Садикова 21/05/2018

Ish e'lonlaridagi diskriminaciya holatlari nazardan chetda qolibdi.

4 Саид-Абдулазиз Юсупов 21/05/2018
4 Нодир Закиров 21/05/2018
4 Шерзод Шерматов 21/05/2018
3.5 Давронбек Тожиалиев 21/05/2018
4 Мансур Тангишов 21/05/2018
4 Уйғун Ғафуров 21/05/2018
4 Олимжон Солижон ўғли 21/05/2018
4.5 Нигора Умарова 21/05/2018
4 Адҳам Отажонов 21/05/2018
4.5 Беҳзод Қобулов 21/05/2018
3 Расул Кушербаев 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр