Ҳақиқат ҳамма жойда, ҳар қандай вазиятда айтилиши керак!

Ҳақ сўзни ёқтирмаслик ҳамда ҳақиқатни айтишга имкон бермаслик охир-оқибатда олди олиниши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг чуқур томир отишига сабабчи бўлади. Ўз атрофига маддоҳларни, тилёғламачиларни тўплаган амалдор ўзи сезмаган ҳолда ҳалокат сари яқинлашиб бораверади. Тўғри сўзни эшита оладиган, уни ҳазм қилишга қодир раҳбар эса камчиликларни вақтида, улар ғовлаб кетмасданоқ, бартараф этишга эришади.

Ҳар бир кишида ҳар қандай вазиятда тўғри сўз айта олиш имкони бўлиши керак. Биз эса амалдор билиб ё билмасдан хато қилса, ўзимизни билмасликка оламиз, нотўғри гапириб қўйса ҳам қарсак чаламиз. Аслида хатони сезган одам у ҳақда очиқ гапириши керак. Шунда у тезда ислоҳ этилади.

Сиёб деҳқон бозори ўрнида уч қаватли гипермаркетми?

2017 йилнинг 27 мартида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаларини қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарорнинг 1-иловасида Самарқанддаги Сиёб деҳқон бозори ҳудудида 2019 йилда уч қаватли гипермаркет қурилиши кўзда тутилган.

Аслида ушбу иловада уч йил мобайнида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастури келтирилган. Уни тузганлар бошқа бозорлар қаторида машҳур Сиёб бозорини ҳам “замонавийлаштириш” зарур деган хулосага келишган. Улар бу бозорни ҳам бошқа шаҳар ва туманлардаги катта-кичик бозорга ўхшатиб, бир хил ёндашув оқибатида ўша рўйхатга киритишган. Давлатимиз раҳбари имзолаган қарор сўзсиз ижро этилиши лозим. Аммо ана шу аниқ бир вазиятда қандай йўл тутмоқ керак? Қарорда Сиёб бозори ўрнида уч қаватли гипермаркет қурилишининг киритилиши нотўғри эканлигини ким очиқ айтиши лозим?

Эски шаҳарнинг қоқ марказида, оламга машҳур тарихий обидалар ёнида (шундайгина биқинида Бибихоним масжиди, нарироқда Ҳазрати Хизр масжиди ва Шоҳизинда мақбараси) жойлашган, туристик объект ҳисобланган қадимий бозор ўрнида замонавий гипермаркет қурилиши нотўғри эмасми? Ушбу саволни мутасадди раҳбарларга берганимда, улар ё ўзларини эшитмасликка олишди ёки “ҳозирча нима бўлиши маълум эмас” деган мужмал жавоб билан қутулишга ҳаракат қилишди. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Самарқанд вилоят Бозорлар ва савдо комплекслари уюшмасида бўлдим ҳамда Тошкентга бориб, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Бозорлар қуриш дирекцияси ҳузуридаги “NBU бунёдкор инвест” МЧЖ раҳбарлари билан учрашдим.

Юқоридаги саволимни эшитган мутасаддилар бу масала ўта нозиклигини, унинг ҳал этилиши уларга боғлиқ эмаслиги уқтиришди. Уларнинг сўзларига қараганда, Сиёб бозорининг қандай бўлиши масаласи фақат “тепа”да ечилиши мумкин экан. Демак, ҳеч кимнинг 1-иловада келтирилган дастурда хато бўлганлигини тан олгиси ва бу ҳақда очиқ гапиргиси келмади. Ҳа, ҳамма гап имзода! Аммо хатога йўл қўйганлар уни тан олиб, тузатиш учун Президентга мурожаат қилишлари мумкин-ку! Ҳамма ҳам хато қилади. Уни яшириш ҳақиқат ва ёлғон оралиғида қолиб кетиб, нима бўлишини кутиб ётишдек бир ҳолат эмасми?

Гапнинг қисқаси, ҳозиргача Сиёб бозорининг тақдири маълум эмас.

Мотрид Мадридми?

Айрим тарихчилар Амир Темур амалга оширган бунёдкорлик ишларининг салмоғини ошириб кўрсатиш илинжида бўлиб, Соҳибқирон ўзининг айрим шаҳар ва қишлоқларига жаҳоннинг кўзга кўринган шаҳарлари номини берган деган фикрни билдиришган. Жумладан, Самарқанд яқинидаги Мотрид қишлоғига Испания пойтахти номи қўйилган дейиларди (айни пайтда ушбу қишлоқ шаҳар ҳудудига кирган ва Мотрид маҳалласи деб аталади).

Бундай даъво, биз учун қанчалик жозибадор бўлишига қарамасдан, ҳақиқатдан узоқ, у бир ривоят холос. Бу икки жой номи фақат бир-бирига талаффузи ва ёзилиши билан яқин, тамом вассалом. Мотрид номи Амир Темурдан неча асрлар олдин маълум ва машҳур бўлган. Ўзи туғилиб ўсган жой номини оламга ёйган калом илмининг йирик намояндаси Абу Мансур ал-Мотурудий Соҳибқирондан 500 йил аввал яшаган.

Шунинг учун ҳам Биринчи Президент Ислом Каримов 2009 йилда Испанияда бўлганида, ўз чиқиши давомида ўша ривоятни эслаб, вақтида Амир Темур ўзининг қудратли пойтахти яқинидаги қишлоққа Мадрид номини берганлигини таъкидлаганида қотиб қолган эдим. Бу гапни телевизордан мендан ташқари турли мамлакатларда қанча одам эшитган эди. Мени ҳайратга солган нарса давлатимиз раҳбари билан хорижга сафар қилган делегацияда Фанлар академияси Археология институти директори, профессор ҳам бўлганлиги эди.

Кимдир муаллиф бу гапни энди кўтариб, Биринчи Президентга тош отяпти деб ўйламаслигини истардим. Бўлган воқеада асосий айбдорлар раҳматли Ислом Каримовнинг ўша пайтда атрофида бўлганлар, чиқишининг матнини тайёрлаганлар деб ҳисоблайман. Бошқа томондан, буни ҳозирда гапиришимга Сиёб бозори тақдири ҳақидаги ҳикояга яқин эканлиги сабаб бўлди. Нима қилмоқ керак: биринчи раҳбар ёки бошқа юқори лавозимдаги шахс хатога йўл қўйса, ўзимизни билиб билмасликка олишни давом эттираверимизми? Бундан кейин хато такрорламаслиги учун ҳақ сўз ўз вақтида айтилиши зарур эмасми?

Қуйидаги мисол катта амалдорнинг вақтида тузатилмаган хатоси қайта такрорлаганлигига бир мисол бўла олади.

Шоир Рўдакий бундан неча аср аввал яшаган?

Шу йилнинг 1 мартида Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасидаги “Жартепа” ва “Саразм” ўтказиш пунктларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳар икки томондан минглаб кишилар қатнашган тадбир ҳақиқий байрамга айланган эди.

Дастлаб митинг Ўзбекистон ҳудудида ундан сўнг Тожикистон ҳудудида бўлиб ўтди. Ҳар иккаласида ҳам Самарқанд ва Сўғд вилоят раҳбарлари нутқ сўзлаб, тўпланганларни, ҳар иккала мамлакат аҳолисини ўтказиш пунктлари очилганлиги билан табрикладилар. Дўстлик ҳақида гап кетганда, улар Абу Абдулло Рўдакийнинг машҳур тўртлигини айтиб, шоир бундан қанча вақт олдин яшаганини ҳам эсга олдилар. Сўғд вилояти раҳбари тожик ва рус тилларида Рўдакий бундан 11 аср олдин яшаб ўтганини таъкидлаган бўлса, Самарқанд вилояти ҳокими “бундан олти аср яшаб ўтган шоир Рўдакий” деб, ўша тўртликнинг икки мисрасини ўқиб берди.

“Вилоятимиз раҳбари нега машҳур шоирни беш асрга “ёшартирди” деб ҳайрон бўлган эдим. Бир неча дақиқалардан сўнг бу хато яна такрорланиши хаёлимга ҳам келмаган эди. Акс ҳолда, ўринбосарига ёки бошқа бир мутасаддига йўл қўйилган хато ҳақида огоҳлантирган бўлардим.

Тантанали митинг дастлаб “Жартепа” ўтказиш пункти очилиши муносабати билан ўтказилган бўлса, кейин ҳар икки томон вакиллари “Саразм” ўтказиш пункти томон йўл олишди. Бу ерда ҳам митинг бўлиб ўтди. Яна икки вилоятнинг раҳбарлари сўзга чиқишди. Яна Сўғд вилояти раҳбари Рўдакийнинг бундан 11 аср олдин дўстликни тараннум этганлигини уқтириб ўтди. Ўзининг жавоб сўзида Самарқанд вилояти ҳокими яна Рўдакий бундан олти аср аввал яшаганлигин таъкидлади. Бошқача қилиб айтганда, ушбу сўзларни бир неча минг киши икки марта эшитди.

Митинг тугаши билан ҳокимнинг ўринбосарларидан бири билан учрашиб, йўл қўйилган хато ҳақида гапириб бердим. Суҳбатдошимдан “у матнни мен кўрганим йўқ. Ёзиб берганни биламан, у катта журналист. Ҳоким унга ишонади”, - деган жавобни эшитдим. Яхши иш бўлмаганлигини, бундан кейин бу каби хатога йўл қўймаслик чорасини кўриш зарурлиги ҳақида гаплашдик.

Афсуски, айнан юқоридаги хато 50 кундан сўнг яна такрорланди. 20-22 апрель кунлари Самарқанд ва Сўғд вилоятлари тадбиркорларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Самарқандда ўтказилган тадбирнинг иккинчи кунида Тожикистон санъат усталари ўз санъатларини намойиш этишди. Концертдан сўнг икки вилоят раҳбарлари саҳнага чиқиб, санъаткорларги миннатдорлик билдиришди, яна дўстликнининг улкан неъмат эканлигини қайд этишди ва яна шоир Рўдакийни ёдга олишди. Қизиғи шундаки, меҳмонлар делегацияси раҳбари шоир бундан 11 аср ўтганлигини таъқидлаган бўлса, бизнинг раҳбар яна олти асрни тилга олиб ўтди. Демак, ҳеч ким у кишига аввалги хатоси ҳақида миқ ҳам этмаган.

Гапнинг очиғи, бир неча марта мана шу воқеани тилга олмоқчи бўлдим. Яна ўйладим. Албатта, мени тушунмасликлари аниқ. “Қитмир, тирноқ тагидан кир изловчи, фақат хато-камчилик ахтарувчи” деган тамға олиш ҳеч гап эмас. Аслида, фақат кейинги бир ярим йил ичида шунга ўхшаш айбловлардан озод бўла бошлаган эдим. Аммо бу ҳақда очиқ ёзмаганлигимнинг асосий сабаби шундаки, ўша хато қандайдир чуқур яширинган эмасди. Уни рўёбга чиқариш учун қидириш, машаққат чекишнинг зарурияти ҳам йўқ эди. Бундан ташқари, вилоят ҳокимлигида тарих ва адабиётдан хабардорлар ёки аниқроқ қилиб айтганда, шу йўналишларда ўқиганлар мавжудлигини инобатга олиб, улар ҳокимга хато ўтганлигини айтишади деган хаёлга борган эдим.

Энди бу ёғига нима қиламиз? “Тепа”да йўл қўйилган хатони очиқ-ойдин ошкор этамизми ёки яна ўзимизни билмасликка солиб юраверамизми? Ёки қандай йўл тутишимиз биринчи раҳбарлар ва улар атрофидагиларнинг чиқишмизга муносабатига боғлиқми?

Фикри ожизимча, барча соҳа ва йўналишларда ярим ҳақиқат ва ярим ёлғон орасида мувозанат сақлашга интилишдан қочиш вақти келганга ўхшайди. Сиз бунга нима дейсиз?

4.25 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.25 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.36 / 8
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 2

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Ashurov Zokir 30/05/2018
1.5 Шахноз Шахноз 31/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
3 та фикр