Давлат тилида иш юрита олмаймизми?

2 сентябрь куни Ўзбекистон халқи узоқ кутган ҳодиса юз берди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармоннинг рус тилидаги матни 3 сентябрь куни president.uz сайтига жойланди.

Ўзбекистонда бўлаётган ўзгариш ва қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор бўлишни истаган фуқаро сифатида бунга бефарқ бўлмадим. Янги фармонни ўз она тилим ва давлат тили ҳисобланмиш ўзбек тилида ўқигим келди. Lex.uz ва uza.uz сайтларидан фармон матнини топа олмагач, president.uz сайтини кўздан кечирдим. «Фармонлар» деган бўлимда 28 август куни имзоланган фармон турибди. Уччала сайтни титкилай-титкилай, очиғи, чарчадим.

President.uz сайтининг рус тилидаги версиясида фармоннинг рус тилидаги матни ва президент янги фармонни имзолагани ҳақида хабар турибди (Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Халқ сўзи» газетаси ва президент расмий сайтининг ўзбек тилидаги версиясида янги фармон имзолангани тўғрисида хабар ҳам берилмаган). Фармон тўғрисида ўзбек тилидаги норасмий ахборот сайтлари ёзди. Янги фармон ҳақидаги хабарда эса president.uz сайтидаги рус тилидаги хабарга ҳавола беришди.

Ўзимни худди ССРИ даврида яшаётгандек ҳис қилдим.

Ўзбекистон президенти фармони фақат рус тилида эълон қилинса ва бу ҳақида ўзбек тилидаги расмий ахборот манбалари хабар бермаса.

Хусусий нашрлар эса фармонни рус тилидаги матндан ўзбек тилига ўзлари таржима қилиб олса.

Ва бу воқеа Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги тантанали нишонлангандан икки кун ўтиб содир бўлса.

Бош қомусимизнинг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир», деб ёзиб қўйилганини ҳамма яхши билади.

Яқинда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 28 йил тўлади. 28 йил давомида тилимиз давлат тили даражасига чиқа олмаганини қандай тушуниш мумкин? Ёки янги фармон фақатгина русийзабон аҳоли учун тааллуқлими? Рус тилини билмайдиган аҳоли президент фармони ҳақида ахборот олишга ҳаққи йўқми?

Ваҳоланки, «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси биринчи қисмида қуйидагилар битилган: «Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади.»

Яъни президент фармони, аввало, ўзбек тилида тайёрланиши ва эълон қилиниши лозим. Расмий нашрларда унинг бошқа тиллардаги, хусусан, рус тилидаги таржимаси берилиши керак. Нима учун фармон матнини тайёрлашга масъул кишилар давлат тилига ва Ўзбекистон Республикаси қонунига нисбатан масъулиятсизлик билан ёндошишди? Фармоннинг ўзбек тилидаги матнини тайёрлаш ва уни матбуотда эълон қилиш мушкул вазифамиди?

Эҳтимол, бу президент девонидаги айрим мулозимларнинг эътиборсизлиги ва ўз вазифасига нисбатан жавобгарлик ҳиссини туймагани оқибатидир. Бу ерда, аввало, фуқароларнинг давлат тилида ахборот олиш ҳуқуқлари бузилмоқда. Бошқа томондан эса норасмий ахборот манбалари фармонни ўзбек тилига ўгиришда хатоликка йўл қўйиши ёки нотўғри жумлани танлаши мумкинлиги, натижада эса президент фармони нотўғри тушунилиши ва хато талқин қилиниши мумкин.

Афсуски, президент чиқарган норматив ҳужжатларнинг фақат рус тилида эълон қилиниши биринчи марта содир бўлиши эмас. 21 август санасидан 3 сентябрь санасига қадар муддатда president.uz сайтида жами 25 та норматив ҳужжат, жумладан, 8 та фармон ва 17 та қарорнинг имзолангани тўғрисида хабар берилгани ҳолда, фақатгина 12 та ҳужжат матни (6 та фармон ва 6 та қарор) ўзбек тилида эълон қилинган. Қолган 13 та норматив ҳужжат имзолангани ҳақида фақат рус тилида ахборот берилган.

Лекин мазкур ҳужжатларнинг ўзбекча матнини ҳеч ким суриштириб ўтирмайди. Чунки уларнинг ижросини таъминлашга масъул давлат ташкилотлари «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Қонунга зид равишда рус тилида иш юритишга ўрганиб қолган. Вазирликларнинг ички буйруқ ва расмий хатлари кўпинча рус тилида тайёрланади. Жуда лозим топилсагина ўзбек тилига таржима қилинади. Рус тилида иш юритишни билмаслик кўпинча вазирликларга ишга кириш имкониятини йўққа чиқаради.

Гоҳида ўзбек тилида иш юрита оладиган кадрлар етишмаслиги баҳона қилинишини кўрамиз. Бундай важ келтиришнинг ўзи кулгили. Чунки таълим муассасаларида «Давлат тилида иш юритиш» курси ўқитилади.

Бундан бир неча йил олдин темирйўл бошқармасида ишлайдиган танишим айтган эди. Раҳбарият рус тилида иш юритишни биладиган кадрлар камайиб бораётганидан нолир экан. Ташкилот рус тилини билмайдиганлар ишга қабул қилмас экан. Аслида, раҳбарият ўзбек тилида саводи яхши бўлган ходимларни ишга олиш ва ҳужжатларни давлат тилида юритишга ўтиш тўғри қарор бўлишини англаб етиши лозим эди.

Шу ерда қизиқ бир факт. АҚШ деган мамлакатда расмий давлат тили деган тушунча йўқ. «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинмаганига қарамасдан, кўпмиллатли Америкада бир неча асрдан бери меъёрий ҳужжатлар фақат инглиз тилида қабул қилинади. АҚШ президенти мамлакат тарихида фақат бир марта инглиз тилида бўлмаган ҳужжатга имзо чеккан.

1794 йилда АҚШ ҳамда Усмонли турклар давлати ўртасида Америка савдо кемаларининг мусулмон давлати денгиз ҳудудларида хавфсиз ҳаракатланишини кафолатловчи келишув матни араб тилида ёзилган. Битимга кўра, АҚШ давлати Усмонли империясига 12 минг долларга тенг тўловни олтин билан тўлаган.

Ўз вақтида Олий Кенгаш «Давлат тили тўғрисида»ги қонунни қабул қилиши мустақиллик учун ташланган муҳим қадам бўлган эди. Мазкур ҳужжат бугунги кунгача ҳуқуқий қийматини йўқотмаган энг кекса қонун ҳисобланади. Аммо 28 йилдан бери бу қонунга биров амал қилай демайди.

Ҳар йили 21 октябрь санаси арафасида тил масаласи оммавий ахборот воситаларини айланиб чиқади, ўқув муассасаларида тил байрамига бағишланган тадбирлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар ўтказилади, Алишер Навоий, Бобур, Огаҳий асарлари мақталади, шеър ва ғазаллар мутолаа қилинади, мушоиралар ўтказилади, ўзбек тилининг нақадар бойлиги ҳақида маърузалар қилинади, Абдулла Ориповнинг «Она тилим» шеъри баралла ўқилади.

Фахрланиб кетасан...

Октябрь тугаши билан тил масаласи ҳамманинг ёдидан кўтарилади. Ҳеч ким қонунга амал қилиш ҳақида бош қотирмайди. Кўчадаги рекламаю баннерларда эълонлар русча ёзилишига кўникиб кетганмиз. Журналистлар ҳар замонда буни танқид қилиб қўйишади. Аммо вазият ўзгармайди.

Сабаби оддий. Муаммонинг илдизи пастда эмас, юқорида. Муаммо қонун ижросини таъминлаши керак бўлган ташкилотларнинг ўзи бу қонунга амал қилмаётганида.

Қачонки юқори даражали ижро органлари тўлиқ ўзбек тилида иш юритишга ўтса, ана ўшанда мамлакат аҳолисининг 90 фоизи президент фармонларининг давлат тилидаги таржимаси чиқишини кутиб ўтиришга мажбур бўлмайди.

Қачонки қонун чиқарувчи органимиз бўлган Олий Мажлисимиз қонунлар ижроси устидан парламент назоратини амалга оширса, ўшанда ижро органларида масъулият пайдо бўлади.

Қачонки давлат ташкилотлари ходимларни ишга қабул қилишда рус тили бўйича саводхонлигини эмас, давлат тилида иш юрита олиш салоҳиятини олдинги ўринга қўйса, ўшанда кадрлар муаммоси баҳона қилинмайди.

Аммо унгача ҳали кўп кутишимизга тўғри келадиганга ўхшайди.

1-Изоҳ: Блогпост 2017 йил 3 сентябрь куни ёзилган ва 21 октябрда Sof.uz сайтида эълон қилинган. 

2-Изоҳ: «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармоннинг ўзбекча матни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтига бир кун кечикиб, 4 сентябрь куни соат 18:35 да қўйилди ҳамда «Халқ сўзи» газетасининг 5 сентябрь сонида эълон қилинди.

3.67 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.67 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.15 / 1
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 1

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 19/05, 18:24

Muallifga faqatgina yashang, barakalla deyishim mumkin xolos! Amerikaliklar tili bilan aytganda "short and sweet"

3 Нигора Умарова 19/05, 18:29
4 Мақсуд Саломов 19/05, 18:34
4 Шунқор Чориев 19/05, 18:39
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 19/05, 19:03
4.5 Умид Гафуров 19/05, 20:37
5 Маҳсуджон Асқаров 19/05, 21:09
4.5 Тўлқин Юсупов 19/05, 21:41
4 Мубашшир Аҳмад 20/05, 00:57
4 Ботиржон Шерматов 20/05, 09:40
3.5 Қаҳрамон Асланов 20/05, 14:54
4 Музаффар Назаров 20/05, 20:59
3 Абдумалик Носиров 20/05, 22:41
3 Беҳзод Қобулов 20/05, 23:12
4.5 Иноят Садикова 21/05, 00:26
4 Мансур Тангишов 21/05, 00:26
5 Нодир Закиров 21/05, 05:24
3.5 Давронбек Тожиалиев 21/05, 10:07
4 Шерзод Шерматов 21/05, 11:46
4 Уйғун Ғафуров 21/05, 12:37
3 Олимжон Солижон ўғли 21/05, 13:48
5 Адҳам Отажонов 21/05, 17:43
5 Расул Кушербаев 21/05, 21:55
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр