“АНДА ЖОНИМ ҚОЛДИ МЕНИНГ...” (Мусофирнинг кундалиги)

Дилда дардинг бўлмаса, дардисаримни кавлама...

Шоҳ Машраб

“2006 йил. Германия.

...Турмуш ўртоғим кичик ўғлим иккимизни ёнига чақириб олди. Лекин ўғлимнинг отасини таниёлмай қолдим: Германияда ишлаётганига икки йилдан ошган эрим шу вақт ичида деярли европалашиб бўлибди. Унга баъзи қилаётган ишларингиз мусулмончилик тугул ўзбекчиликкаям зид, десам: “Бу ер – Европа! Унда ҳар ким хоҳлаганидек яшаш ҳуқуқига эга!” деган жавобни берди. Афсус...

Оиламни сақлаб қолишга қанчалар уринмай, бари беҳуда кетди. Ажрашишимизга тўғри келди – Европа ҳаёти оиламизни парчалаб ташлади...

2017 йил. 5 май.

Америка. Нью-Йорк. Брокленд шаҳри.

Америкада ишлаётган катта ўғлим гарчи ҳали ишлари юришиб кетмаган бўлса ҳам бизни ёнига чақириб олди. Аммо у яшаётган тирбанд ижара уйда бизга жой йўқ. Мен уч қизи билан яшовчи аёлнинг уйига, кичик ўғлим эса бошқа бир уйга жойлашдик. Турган квартирам тор бўлгани сабаб, йўлакда яшашим керак эди. Рози бўлдим. Чунки алоҳида жой олиш жуда қиммат. Бир ойда 1600-2000 долларлик ижара уйларни фақат яхши ишларга жойлашиб ололган, Америкага келганига анча бўлган одамлар банд қилишлари мумкин.

Энди тезроқ бирор иш топишим зарур. 650 доллар тўлаб, қарияларга қараш курсига ўқидим, сертификат олдим. Кейин менга ўхшаганларга иш берувчи фирмалардан 4-5 тасига ҳужжат топширдим. Чунки Америкада пулсиз яшаб бўлмайди, 3-4 ой ишсиз қолиш эса катта қарзга кириш, дегани. Аммо бегона юртда сизга ким ҳам қарз берарди?..

Бу ер Ўзбекистон эмас, ахир...

2017 йил, июнь.

Ниҳоят мен иш сўраб мурожаат қилган фирма координаторидан қўнғироқ бўлди. Фақат доимий иш топиш муаммо экан. Чунки энагага муҳтож қарияларни мен сингари ёлланма ишчилар аллақачон эгаллаб бўлишган.

Ишни бошладим. Квартиранинг тозалигига деярли қаралмаган, хизматчилар юракдан ишлашмаган шекилли, ҳаммаёқни кир босиб кетган. Бир бошидан тозалашга тушдим. Аслида, бир кунга келиб, ишлар кўплигидан уч кун қолиб кетдим. Кечқурун чол-кампирнинг шифокор қизи келди. У ҳар бир хонани кўздан кечириб чиққач, ичкарида ота-онаси билан узоқ гаплашиб қолди. Кейин чол мени чақириб: “Сен бизникида қол. Бошқа ёқдан иш олма. Қизим алоҳида яна ҳақ тўлайди”, деди. Лекин мен эркак кишига хизмат қилишни қабул қилолмадим. Узр сўраб, улар билан хайрлашдим...

2017 йил. 15 июнь.

Мая исмли белоруслик яҳудий кампирнинг уйида ишлаяпман. У кучли дорилар таъсиридан ақлан ожизроқ бўлиб қолган экан. Ҳафтада 4 марта: 3 кун кундузи, 1 кун тунда ишлайдиган бўлдим. Бошида билмаган эдим, тунги навбатчилик талаш экан. Сабаби, тунда қария ухлайди, табиийки унга қаровчи ҳам. Кечаси дам олиб, наридан-бери иш қилган бўлиб, эрталаб кетаверади. Кундузги иш эса анча оғир...

2017 йил. 21 июнь.

Мая бир пайтлар Наманганда яшаган, озгина ўзбекчага тушунар экан. У билан рус тилида гаплашяпмиз. Унга ўзбекча ширин-ширин таомлар қилиб беряпман. У мени жуда ёқтириб қолди. Қизи ҳам унга менинг қарашимни сўраб, координаторимга қўнғироқ қилибди. Аммо қолган шерикларимга бу ёқмади. Маянинг қизларига нималардир деб, орамизга совуқчилик солишга уринишди (афсуски, бу аёллар менинг юртдошларим, миллатдошларим эди... Юртдошларимни кечирдим, сабаби бизни яратган Зот кечиримли бўлишга буюрган. Уларни кечирдим, сабаби тирикчилик ташвиши шу кўйга солган!..).

Буни координаторимдан эшитгач, Маянинг уйида қолган ашёларимни олиш учун бордим. Гул сотиб олдим. Уларни гулдонга солдим-да, кроват рўпарасига жойлаштириб: “Мая, мен энди ишга келолмайман. Сен билан хайрлашгани келдим...” дедим. Кампир буни кутмаганидан кўзларига ёш қалқди, базўр ҳаракатлар билан оёқларимдан маҳкам қучди ва: “Илтимос, кетма! Менга сендан бошқаси керак эмас!..” дея йиғлади. Аммо қарорни Мая буви эмас, қизлари қабул қилишини билганимдан ташлаб кетиш қанчалар оғир бўлмасин, у билан хайрлашдим...

2017 йил. 27 июль.

Бугундан бир яҳудий кампирга қарай бошладим. У ниҳоятда оғир аҳволда эди. Камига, юрагимни сиқиб, ҳаётидаги муаммоларини айтиб, йиғлагани-йиғлаган. Унга насиҳат қилган бўламан: “Аллоҳ доимий шикоят қилувчиларни ёқтирмайди, шукр қилиб яшаш керак”. Сўзларим таъсир қилдими, шикоятлари анча камайиб, йиғламайдиган, оптимист бўлиб қолди. Шунда ҳақиқатан ҳам кейинги жисмоний ҳаракатлари олдингидан анча енгиллашди.

2017 йил. 31 июль.

Кампирни ювинтирадиган куним ўғли келиб, ваннага олиб тушиб берар, мен чўмилтириб қўяр эдим. Бугун ўғли ишлари кўплигини, келолмаслигини айтиб қўнғироқ қилди. Шунда кампир кутилмаганда: “Ўзим чўмила оламан”, деб қолди. Унда ғайрат пайдо бўлганини кўриб, қувондим. Осонгина ванна ичига туширдим, курсисига ўтқаздим.

Кечқурун келган ўғли ҳайрат билан: “Сизларга ким ёрдам берди?” деб сўради. Шунда кампир мамнун ҳолда: “Муслиманинг Аллоҳи!” деб жавоб қилди. Яҳудий ўғил бир сапчиб тушди. Онасининг Аллоҳга ишончи ортгани ёқмади шекилли, янги энага излай бошлади. Бу ерда узоқ ишлаб қолишим қийинлигидан “Эй Аллоҳ! Ўзинг энг хайрлисини бер!” дея мен ҳам янги (пациент) мижоз сари равона бўлдим.

2017 йил. 7 август.

Бугун ишларим оғир кечди. Мижозим семиз бир кампир экан. Ўрнидан туролмагани боис, унинг парвариши кишидан катта куч талаб қиларди. Лекин Аллоҳга ҳамд бўлсинки, уддаладим.

Иш қанчалик қийин бўлмасин, амаллаяпман, фақатгина бир соғинч ўнгу тушларимда ҳам асло мени тарк этмайди: Ота ҳовлимга қачон қайтаман?..

2017 йил, сентябрь.

Ҳаш-паш дегунча қараган кампирларим сони 20 тадан ошди. Чунки янги бўлганим учун менга доимий иш йўқ. Вақтинчалик – икки-уч кунлик, узоғи ҳафталик ишларга чақиришяпти.

Самарқандлик аёлнинг гапига ишониб, эртаклардаги “яхши кампир”ни роса ахтардим, аммо сира тополмадим. Ҳозир қараётган мижозим ишга ўз вақтида келишимни талаб қилади. Инжиқлигини, адолатсизлигини билганим боис ишим бошланишидан ўн-ўн беш дақиқа олдин келиб, қўнғироқни босаман. Ярим соат ўтганида ҳам эшик очилмайди. Энди кетишга тараддудланиб турган бир палламда яҳудий кампир жаврай-жаврай эшикни очади: “Яна кеч қолдинг-а?!”

Аллоҳим! Менга буюк бир сабр бер!

2017 йил, октябрь.

Ўғлимнинг ишлари бир оз тўхтаб қолди. Бу орада қарзга кириб кетдик. Энди бу қарзларни узмай туриб, ортга қайтишнинг сира иложи йўқ... Демак, қаттиқроқ ва кўпроқ ишлашимиз керак... Эҳтимол, кундалик дафтар билан ҳам вақтинчалик хайрлашишга тўғри келар?..

2018 йил, март.

Аллоҳга беадад шукрки, Ватанимга қайтиш, Ота ҳовлимга қадам босиш, ёши тўқсондан ошган онаизоримни кўриш, яқинларим билан дийдорлашиш насиб этадиган бўлди! Бугун Тошкентга учаман. Ҳаяжондаман, бирор нарса ёзолмаяпман...

2018 йил, март. Фарғона.

Ниҳоят Ота ҳовлимдаман! Аллоҳ раҳмат қилгур Отам барпо этган боғнинг оғочлари чунонам гуллабдики...

...Лекин барибир бағрим бутун эмас – ўғилларимнинг бири ишлаётгани, иккинчиси ўқиётгани боис уларни Нью-Йоркда қолдириб келдим. Ўзимнинг ҳам иш шартномам ҳали тугамаган. Ортга қайтиб, шу йилнинг охирига қадар ишлаб беришга, қарияларнинг минг бир хил инжиқликларига яна озгина сабр қилишга мажбурман...

2018 йил, май. Тошкент.

Баъзилар чет элда яшашни, ишлашни, ўқишни орзу қиладилар. Лекин бу улар ўйлаганчалик осон эмаслигини билишармикин?

Чет элга бориб, ишламоқчи, пул топмоқчи бўлган ватандошларимни бу орзунинг ўта нозик жиҳати билан таништиришни ўн икки йилдир хорижда яшаётган, унинг иссиқ-совуғидан хабардор инсон сифатида ўз бурчим деб биламан: Америкада (хоҳлаган чет мамлакатда шундай) ё ишлаш, ёки яшаш керак. Иккисини бир жойда жамлашнинг эса сира иложи йўқ. Яъни кечани-кеча, кундузни-кундуз демасдан қаттиқ ишлайсиз, яхши яшашни хаёлингизга ҳам келтирмайсиз, пулни ортиқча сарфламасдан, тежаб-тергаб тўплайсиз. Шундагина озроқ маблағ орттириб, Ватанга бемалол қайтишингиз мумкин. Ёки тиним билмасдан ишлаб топган пулингизни еб-ичиб, совуриб яшайсиз. Бу ҳолатда эса ёнингизда ортиқча бирор чақа бўлмайди.

Бирор нуфузли олийгоҳни битириб, яхши иш топа олганларгина бундан мустасно. Ундайлар эса жуда озчиликни ташкил қилади.

Яхшироқ пул топишни истайдиганлар умумий квартираларда кўпчилик бўлиб яшаш эвазига ижарага кетадиган пулнинг асосий қисмини тежаб қолади. Америкада озиқ-овқат, кийим-кечакни амалласа бўлади. Энг қиммат нарса бу – турар жой ижараси. Шундай ҳаётга, чеки кўринмайдиган машаққатларга тайёрмисиз?!

2018 йил, апрель. Фарғона.

...Ватанимга қайтиб шунинг гувоҳи бўлдимки, фавқулодда ислоҳотлар, улкан хайрли ишларга йўл очилибди. Тадбиркорлар энди то ишлари фойда келтирмагунича маълум муддат солиқлардан озод қилинибди. Оддий деҳқоннинг ҳам кўксига шамол тегадиган кунлар келибди – энди пешана тери томчилаб тўплаган маҳсулотини хорижга сотиш ҳуқуқига эга бўлибди.

Бу нақадар улкан имконият-ку! Заҳмат чекиб, сув чиқмайдиган тошлоқ адирда катта боғ барпо қилган Отажоним бу кунларни кўрганида борми!..

Чет элда узоқ йиллардан буён ўқиб, ишлаб юрганлар Ватанга қайтиб, ушбу имкониятлардан фойдаланган ҳолда эгаллаган билим ва тажрибаларини ишга солсалар, қандай улкан ютуқларга эришишларини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Ўғлонларимиз, албатта, Юртга қайтишлари керак!

2018 йил, 21 май. Ярим тун.

Нью-Йоркка учиш учун Тошкент аэропортидаман...

Кошки булар бари туш бўлса!.. Кошки соғинчларим зарра қадар камайган бўлса!

Начора, бу – менинг қисматим:

Мен Ватандан айро тушдим –

Ватан менинг ичимдадур...

Қалбимдан кечаётган ҳисларни таърифлашдан ожизман. Яқин бирор соат ичида айрилишим аниқ бўлган Она тупроғимнинг исини тўйиб-тўйиб ҳидлаш, раҳматли Отам барпо этган улкан боғнинг сархил меваларидан узиб ейиш яна қачон насиб этаркин?.. Олдимда турган муддат мен учун асрлардек узун кечишини яхши биламан. Аммо Яратгандан бу машаққатли сафарни ҳамда Она юрт билан, Онаизорим билан дийдорни яқин қилишини тилаб, ҳозирча кўнгил дафтаримнинг дардли саҳифасини ёпаман...”

* * *

Кундалик жуда залворли эди... Тўлиғича келтиришнинг эса имкони йўқ. Ёзилса бир роман бўладиган хотираларни ўқиш ҳам осон бўлмади. Ўн икки йиллик ҳижрон, жафо, машаққат, соғинч, Ватанга муҳаббат сингари қоришиқ туйғулар изҳори унинг залворини янада орттирган.

... Бу кундалик чет элда ишлаётган собиқ турмуш ўртоғи томонидан чақириб олинган, аммо моддий ва маънавий эҳтиёжлари ойлаб эътиборсиз қолдирилган, фарзандлари билан Американинг ҳали Луизиана, ҳали Техас сингари штатларида иш излаб, сарсон-саргашта кезишга маҳкум этилган, аммо шундай машаққатли синовлар ичра, энг оғир дамларида ҳам динига, эътиқодига, миллатига ҳамда Ватанига содиқ қололган заифа, мазлума бир аёлнинг кўнгил дафтаридир...

Бу кундалик Она юрт тупроғининг ҳидини 12 йилдир қўмсаб яшаган, минг бир машаққат билан топган пулларини дўстларига ўчоқда ўзбек оши дамлаб бериш учун сарфлашдан ғурур туядиган, ўчоқ атрофида эса узоқ-узоқларга тикилиб хаёлга чўмганча милтир-милтир кўзёшларини узун енги билан билинтирмайгина артиб қўяётган ожизага тегишли...

Бу кундалик ўзига раво кўрмаганни ўзгага раво кўрмасликка, ўзига раво кўрган эзгуликни эса ўзгага ҳам раво кўришга, мазлумларга, муҳтожларга кўмак учун қўл узатиб, ҳатто золимнинг ҳаққига ҳам дуо қилишдан тўхтамасликка буюрувчи Исломдек гўзал ва ҳақ дин қалбини забт этган мўминанинг кундалигидир.

Бу кундалик яҳудий ёки насоро динига мансуб бўлган кампирлар(мижозлари)га “У ҳам Аллоҳнинг бандаси” деган назар билан боқиб, ҳақиқий мусулмонга хос меҳр-шафқат, муҳаббат билан хизмат қилолган, олган пулларини она сутидек ҳалол қозонган бир мусофирга мансуб...

Бу кундалик илк танишув палласида яҳудий ҳамда насоро кампирлар томонидан: “Нега бунча рўдапосан? Иш вақтида ҳали ибодат ҳам қиларсан?! Бунга қанча вақт сарфлайсан? Ибодат қилган вақтингга пул тўламайман!” дея ижирғаниш билан саволга тутилган, аммо ишлаб бошлаганига уч кун ҳам ўтмай: “Бозорга бориб келсак, намоз вақтинг ўтиб кетмайдими? Яхшиси, кутиб тураман, ибодатингни қилиб ол. Кейин бемалол айланиб келамиз”, деган эҳтиромга лойиқ кўрилган буюк қалб соҳибасига оиддир...

Бу кундалик турли фитналар сабаб ўзи қараётган бемор аёлнинг уйидан кетишга, хизматини тугатишга мажбур қолганида ўзга диндаги мижози унинг оёқларини қучиб: “Менга сендан бошқаси керак эмас! Ўтинаман, мени ташлаб кетма!” дея ҳўнг-ҳўнг йиғлаган ёлланма қария боқувчининг чидаб бўлмас кўнгил кечинмаларини бағрида яширган дафтардир...

Бу кундалик ўзганинг кўзида қатра ёш кўрган заҳоти ўзининг тўккан дарё ёшларини лаҳзада унутиб, дарҳол қаршисидаги мазлумнинг кўзёшларини артишга, унинг оғриқларига малҳам бўлишга ўзида куч топа билган, синовлар матонатини синдиролмаган метин ирода соҳибасининг сирдошидир.

Бу кундалик бугунга қадар саноқли учратганим – амали сўзига мос келувчи, Аллоҳдан чиндан қўрқиб, Унга буюрганидек итоат қилувчи муслималардан бирининг кундалигидир.

Бу кундалик... ўзининг гўзал хулқи, хуш муомаласи, ажиб тавозеси, омонатдорлиги ҳамда чексиз сабри туфайли у қараётган насоро кампир вафот этаётиб, ёстиғи тагида: “Болаларим! Мени мусулмонча дафн қилинг! Мени мусулмонлар қабристонига дафн қилинг!” деган васият қолдирилишига сабабчи бўлган диндошимнинг, миллатдошимнинг, юртдошимнинг изтиробга тўла розидир...

* * *

Ўз юртига меҳмон бўлиб келган яқинимни кузатиб қайтгач, кўзимга уйқу илинмайди. Тарқоқ хаёлларим, жонсарак руҳим гўё учоқ билан бирга денгиз ортидаги ажнабий бир ўлка сари учиб кетганга ўхшайди.

Ўйга чўмаман: ишсизлик боис Юртдан йироқда юрганларки шунча ғурбат чекаётган бўлсалар, у ҳолда ўзи истамаган ҳолда Ватандан кетганларнинг ғурбатлари нечоғлиқ экан?!.

Юрагимда бир санчиқ ҳис қилган ҳолда, Бобур Мирзо тилидан битилган дардли сатрларни эслайман:

...Анда жоним қолди менинг, анда жоним қолди менинг –

Фарзандини меҳмон этган Андижоним қолди менинг...

PS: ...Мен – борича ёздим, Сиз – борича ўқидингиз.

Бундан ошириб ёзишга эса матонатим етмади...

27 май 2018 йил. 

4.22 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.22 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.34 / 8
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 6

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3.5 Уйғун Ғафуров 30/05, 11:47
4 Абдумалик Носиров 30/05, 12:16
4.5 Расул Кушербаев 30/05, 22:33
3.5 Музаффар Назаров 31/05, 00:11
5 Бахтиёр Шералиев 31/05, 04:11

Blogpostni o'qib his qilgan narsani 2000 yillarning boshlarida "Bog'bon" nomli hind kinosini ko'rib his qilgandim. Juda ta'sirli chiqibdi...

5 Мубашшир Аҳмад 31/05, 09:41
3 Давронбек Тожиалиев 31/05, 11:50

Яхши ёзилган. Лекин янги фикр йўқ.

4 Олимжон Солижон ўғли 31/05, 18:30
3.5 Мақсуд Саломов 31/05, 18:32
4 Мансур Тангишов 31/05, 19:21

Juda ta'sirli chiqibdi. Xorijda ishlashni orzu qiladiganlar uchun bir o'ziga xos tajriba namunasi.

5 Нигора Умарова 31/05, 20:29
5 Маҳсуджон Асқаров 31/05, 21:26
3.5 Беҳзод Қобулов 01/06, 09:25
3.5 Қаҳрамон Асланов 01/06, 11:40
4 Адҳам Отажонов 01/06, 19:01
5 Умид Гафуров 01/06, 20:49
5 Тўлқин Юсупов 01/06, 23:21
5 Иноят Садикова 01/06, 23:34

O'sha romanni intizorlik bilan kutaman.

5 Нодир Закиров 02/06, 07:19
5 Шерзод Шерматов 02/06, 09:20
4 Шунқор Чориев 02/06, 20:18
5 Саид-Абдулазиз Юсупов 02/06, 20:33
5 Ботиржон Шерматов 02/06, 21:06
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр